Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев тегишли қарорлар билан рақамли технологиялар вазирининг ўринбосарларини тайинлади. Бу ҳақда президент Администрациясига яқин деб ҳисобланадиган «Нигоҳ» Telegram-канали маълум қилди.

Эълон қилинган маъмурий ислоҳотлар доирасида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги негизида Рақамли технологиялар вазирлиги ташкил этилган эди. Вазирликка Шерзод Шерматов раҳбарлик қилмоқда.

Олег Пекось. Фото: Рақамли технологиялар вазирлигиОлег Пекось. Фото: Рақамли технологиялар вазирлиги

Олег Андреевич Пекось рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. У 2020 йил июнидан бери ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукумат масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Олег Пекось (1988 йилда туғилган) Бонч-Бруевич номидаги Санкт-Петербург давлат университетининг Ахборот тизимлари ва технологиялари факультетини тамомлаган. Бунгача «Ўзбектелеком» компаниясининг «Телекоммуникация транспорт тармоғи» филиали директори лавозимида ишлаган. Авваллари «Ўзбектелеком» тизимида турли раҳбар лавозимларда фаолият олиб борган.

Жамол Махсудов.Жамол Махсудов.

АКТ вазирлигида 2020 йил июнидан бери ишлаб келаётган Жамол Тиллоевич Махсудов (1972 йилда туғилган) рақамли технологиялар вазирининг ўринбосари этиб тайинланди.

У Тошкент электротехника алоқа институтини «Электроалоқа муҳандиси» йўналиши бўйича тамомлаган. 2018−2020 йилларда «Ўзбектелеком» компаниясида истиқболли ривожланиш ва инновациялар бўйича директор лавозимида, 2017 йилда эса маълум вақт АКТ вазири ўринбосари лавозимида ишлаган.

Рустам Каримжонов.Рустам Каримжонов.

Рустам Олимжон ўғли Каримжонов ҳам рақамли технологиялар вазири ўринбосари этиб тайинланди. У 2020 йил июнидан бери Ўзбекистон халқ таълими вазири ўринбосари сифатида ишлаб келаётган эди.

У 2009 йили Тошкент автомобиль ва йўллар институтини ҳамда 2011 йили Жанубий Кореядаги Солбриж Халқаро бизнес мактабини тамомлаган. Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Инновациялар, технологиялар ва стратегиялар марказига директорлик қилган.

Шуҳрат Кадиров.Шуҳрат Кадиров.

Шуҳрат Мунавварович Кадиров (1976 йилда туғилган) Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги директори лавозимини ўзида сақлаб қолди. У 2020 йилдан бери «Ўзбеккосмос»га раҳбарлик қилиб келмоқда.

У 1998 йили Тошкент электротехника алоқа институтини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1998 йили «Ўзбектелеком»нинг Тошкент халқаро электроалоқа марказида маркетинг бўйича менежер сифатида бошлаган. «Ўзбектелеком» (2017−2018) ва бошқа бир қатор хусусий компанияларни бошқарган.

Аъзам Абдуллаев.Аъзам Абдуллаев.

Аъзам Абдушукурович Абдуллаев (1983 йилда туғилган) Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси бошлиғи лавозимига тайинланди. У 2022 йил апрелида «Ўзкомназорат» раҳбарига айланган эди.

Абдуллаев Тошкент давлат техника университети (бакалавриат)ни, 2007 йили эса Тошкент ахборот технологиялари университети (магистратура)ни битирган. «Ўзкомназорат» раҳбарлигига келгунига қадар «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси бошқаруви раисининг ахборот технологиялари ва маҳаллийлаштириш масалалари бўйича ўринбосари сифатида ишлаган.

Дониёр Тўхтасинович Рустамов ва Жамшид Шарифжонович Эгамбердиев бошқа ишга ўтиши муносабати билан ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари лавозимларидан озод этилган.