Шавкат Мирзиёев ҳузурида Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида жамоат транспортининг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиши бўлиб ўтди, дея хабар қилмоқда Шерзод Асадов.

Президент йил якунига қадар барча автобус маршрутлари аҳоли эҳтиёжи асосида қайта кўриб чиқилиши шартлигини таъкидлади.

Вилоятлар ҳокимларига Транспорт вазирлиги ва Транспорт университети билан биргаликда 1 июлга қадар барча вилоят марказларининг Транспорт бош режасини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берилди. Бунда аҳоли орасида алоҳида сўров ўтказиб, уларнинг фикрларини олиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Автобуслар паркини кенгайтириш учун ташувчи тадбиркорларга автобус паркини янгилашни рағбатлантириш тизими жорий қилинади. Жумладан:

  • ташувчиларни танлашда автобуснинг янгилигига қараб, йўналишда йўловчи ташишнинг кафолатланган муддатлари 7 йилгача узайтирилади (10 ёшдан ошган автобуслар бўйича шартнома тузилмайди);
  • тадбиркорлар олиб келган янги автобуслар бўйича қўшилган қиймат солиғини бўлиб-бўлиб тўлашига рухсат берилади;
  • автобуслар сотиб олиш учун 10 йилгача муддатга имтиёзли кредит берилади.

Йиғилишда йўлларда автобуслар ҳаракати учун инфратузилма масаласига тўхталиб ўтилди.

Тошкент шаҳридаги 73 та асосий кўчада автобуслар учун алоҳида йўлак ташкил этиб, чорраҳалар ўтказувчанлигини ошириш дастури ишлаб чиқилди.

Бу орқали, автобуслар ўртача тезлиги 1,5 баравар ошиб, кечикишлар бартараф этилади.

Вилоятлар ҳокимларига Транспорт вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда:

  • ўз ҳудудида транспорт инфратузилмасини яхшилаш бўйича манзилли дастурни тасдиқлаб, ишларни бошлаш;
  • намунавий бекат лойиҳасини ишлаб чиқиб, тадбиркорларга реклама ва банкомат хизматларини ташкил қилиш учун вақтинчалик фойдаланишга бериш тартибини киритиш топширилди.

Шавкат Мирзиёев 2022 йил 20 декабрдаги парламент ва халққа мурожаатида Тошкент шаҳри ва ҳудудларга 1000 тадан автобус олиб келинишини маълум қилганди. «Ҳудо хоҳласа Наврўз байрамигача (21 март — таҳр.) республикага 2000 та автобус олиб келамиз. Биз буни қилишимиз шарт. Одамлар шуни талаб қилаяпти», — деганди президент.