Тошкент шаҳрида 94-сонли автобус орқа ойналари синган ҳолда йўналишга чиққани эътирозларга сабаб бўлди. Ҳолат юзасидан «Тошшаҳартрансхизмат» ахборот хизмати маълумот берди.

Қайд этилишича, «7-автобус саройи» филиали тасарруфидаги, давлат рақами 01|129 ЙФА бўлган, MAN русумли, 94-сонли йўналишида хизмат кўрсатувчи ушбу автобус 2018 йил ишлаб чиқарилган бўлиб, тасарруф бошидан буён 346 115 км масофани босиб ўтган.

Дастлабки маълумотга кўра, 94-сонли автобус ҳайдовчиси Ш. Ш. автобус саройи ҳудудида ўзига бириктирилган автобусни орқа ойнасини эҳтиётсизлик оқибатида синдириб олгани маълум бўлди. Шунингдек, ўз хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндошгани ва автобусни носоз ҳолатда йўналишга чиқаргани учун навбатчи механик Ш. С. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Бундан ташқари «7-Автобус саройи» бош муҳандисига хайфсан интизомий чораси кўрилди.