Ўзбекистонда 2022 йилда ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 21,1 фоизга ошиб, 3 миллион 892 минг сўмни ташкил этди, дея хабар берди Статистика агентлиги.

Ўсиш суръати 2021 йилга (+20,3%) ва 2020 йилга (15%) нисбатан юқори, лекин 2019 йилга нисбатан паст (+27,5%) бўлди.

Номинал ҳисобланган иш ҳақи юридик шахс мақомига эга бўлган корхона ва ташкилотларнинг (қишлоқ хўжалиги корхоналари ва кичик бизнес субъектлари бундан мустасно) маълумотлари асосида ҳисобланади. Ўртача иш ҳақини аниқлаш учун меҳнат дафтарчалари бўлган ходимларнинг даромадлари, шунингдек, уларга бериладиган нафақалар, меҳнатга ҳақ тўлаш, рағбатлантириш ва компенсация тўловлари, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва касаба уюшма жамғармасига ажратмалар ҳисобга олинади.

Ўтган йил давомида энг кам ойлик иш ҳақи фақат 1 июнда ошиб, 920 минг сўмга етганди.

ойлик иш ҳақи, статистика

Ҳудудлар бўйича энг юқори ўртача иш ҳақи Тошкент шаҳрида сақланиб қолди, пойтахтда ўртача номинал ойлик иш ҳақи йил давомида 28,2 фоизга ошиб, 4,94 миллион сўмдан 6,31 миллион сўмга ўсди. Кейинги ўринларни, аввалгидек, 5,12 миллион сўм билан Навоий (+11,9 фоиз) ва 3,94 миллион сўм билан Тошкент вилоятлари (+14,5 фоиз) эгаллади.

Энг паст кўрсаткичлар Самарқанд (2,94 млн сўм, +21,7%), Фарғона (2,9 млн сўм, +18,8%), Наманган (2,92 млн сўм, 20,6%) ва Сурхондарё вилоятларида (2,95 млн сўм, +22%) қайд этилди.

Пойтахт ва ҳудудлар ўртасидаги иш ҳақи фарқи кенгайишда давом этмоқда. Хусусан, вилоятлар кесимида энг юқори (Тошкент) ва энг кам иш ҳақи (Фарғона вилояти) ўртасидаги фарқ 2,18 баробарга етди. 2021 йилда бу кўрсаткич 2,06 баробар, 2020 йилда эса 1,97 баробарни ташкил қилган.

ойлик иш ҳақи, статистика

Фақатгина пойтахт, Навоий ва Тошкент вилоятларида ўртача иш ҳақи республикадаги ўртача кўрсаткичдан юқори. Шу билан бирга, Тошкент вилоятида кўрсаткич 6,7 фоиздан 1,4 фоизга тушган.

Фаолият турлари бўйича энг юқори ўртача иш ҳақи банк, суғурта, лизинг ва кредит воситачилик соҳаларига тўғри келади (10,8 миллион сўм, +30%). Кейинги ўринда ахборот ва алоқа соҳаси (7,55 миллион сўм, +35,5%).

ойлик иш ҳақи, статистика

Энг паст ўртача ойлик иш ҳақи соғлиқни сақлаш (2,61 миллион сўм, +21%) ва таълим (2,69 миллион сўм, +16,5%) соҳаларида қайд этилди. Шу билан бирга, олий таълим соҳасида кўрсаткич бошқа таълим соҳаларига қараганда анча тез ўсди. «Газета.uz» аввалроқ ўқитувчи ва шифокорларнинг маоши бошқа соҳаларга қараганда секинроқ ўсиб бораётганини таъкидлаган эди.

Шу билан бирга, кўрсаткичи 5,07 миллион сўмга (+20 фоиз) етган ташиш ва сақлаш соҳаси саноат (4,92 миллион сўмни, +15 фоиз) ва қурилиш соҳаларини (4,69 миллион сўм, +18,4 фоиз) қувиб ўтди. Ушбу соҳада иш ҳақининг кескин ўсиши Хоразм вилоятида содир бўлди — 6,48 миллион сўм (+36,4%). Тезроқ ўсиш суръатлари омбор хўжалиги ва ёрдамчи транспорт фаолиятига тўғри келди (8,46 миллион сўм).

Савдо соҳасида ўртача иш ҳақи 3,94 миллион сўмгача (+23,9%) ошди. Энг юқори ўртача ойлик иш ҳақи Тошкент шаҳрида (4,68 миллион сўм) кузатилди. Бу борадаги энг юқори кўрсаткич озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, ичимликлар ва тамаки улгуржи савдосида (5,47 миллион сўм), энг паст кўрсаткич чакана савдода (автомобиль ва мототцикллар савдосидан ташқари) 3,65 миллион сўмни ташкил этди.

Ахборот ва алоқа соҳасида энг юқори иш ҳақи компьютер дастурлаш соҳасида кузатилмоқда (13,95 миллион сўм, +61,6%), бу кўрсаткич 2020 йилдан буён жадал ўсиб бормоқда. Тошкент шаҳридаги мутахассислар соҳада энг кўп даромад олувчилар (9,14 миллион сўм) ҳисобланади.

Саноат соҳасида Навоий вилоятидаги ходимлар, транспорт соҳасида Хоразм вилоятидаги ходимлар, қурилиш, кўнгил очиш ва дам олиш соҳаларида Тошкент вилоятларидаги ходимлар энг кўп маош олади. Бошқа тармоқларда Тошкент етакчилик қилмоқда.