Ўзбекистонлик 27 ёшли футболчи Элдор Шомуродов Италиянинг «Рома» клубидан «Специя» жамоасига ўтди. Бу ҳақда «Специя» футбол клубининг расмий сайтида эълон қилинди.

«27 ёшида Шомуродов 14-рақамли формада «бургутлар»га ўз ҳиссасини қўшишга тайёр. Хуш келибсан Элдор!», — дейилади хабарда.

Клуб ҳужумчини сотиб олиш шартисиз 2023 йилнинг 30 июнига қадар ижарага олганини маълум қилди. Шомуродов жорий мавсумнинг қолган қисмини «Спесия»да ўтказади. Римликлар трансфер натижасида 1,5 млн евро ишлаб олиши кутилмоқда.

Қолаверса, футболчи ҳам Instagram`даги саҳифасида ўзини «Специя» клуби ўйинчиси" дея таърифлади.

специя, элдор шомуродов

Элдор Шомуродов жорий мавсум А серияда 6 та ўйинда майдонга тушиб, гол ура олмади.

У Ўзбекистоннинг «Машъал» ёшлар клуби сафида улғайиб, олий лигада 18 ёшида асосий таркибда дебют қилган. 2015 йилда «Бунёдкор»га ўтган. 2017 йилда Россиянинг «Ростов» клубида, 2020 йилдан бошлаб эса Италиянинг «Женоа» жамоасида ўйнади.

Шундан сўнг, унинг омадли юриши давом этиб, 2021 йилнинг август ойида «Рома» клуби сафига қўшилди. Ўшанда Италиянинг «Рома» клуби «Женоа» сафида тўп сурган ўзбекистонлик ҳужумчи трансфери учун 17,5 млн евро тўлаганди. Учрашувлар давомида у Конференциялар лигасидаги ғалабали ўйиннинг бош қаҳрамонларидан бири бўлди.