Россиянинг Сочи шаҳридан Бухорога тўғридан-тўғри рейслар йўлга қўйилди, дея хабар қилди Uzbekistan Airports.

Қайд этилишича, 30 январь куни маҳаллий вақт билан соат 00:40 да Россиянинг «Азимут» авиакомпаниясининг Сочидан учган самолёти Бухоро халқаро аэропортига келиб қўнди. Анъанага кўра, экипаж ва йўловчилар карнай ва сурай садолари остида тантанали равишда кутиб олинди.

Сочи — Бухоро — Сочи йўналиши бўйича чартер рейслар Sukhoi Superjet 95 самолётида ҳафтада бир марта — якшанба кунлари амалга оширилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, «Азимут» авиакомпанияси Минералние Водидан Тошкент, Самарқанд, Қарши, Навоий, Урганч, Бухоро халқаро аэропортларига, Фарғона ва Наманганга эса чартер рейсларини амалга оширади. Бундан ташқари, Россия авиаташувчиси Тошкент ва Самарқандни Москвага мунтазам қатновлар билан боғлаган.

«Азимут» — Ростов-на-Дону ва Краснодарда жойлашган Россия авиакомпанияси.