27 январь куни соат 23:58 да Қарши шаҳри «Хўжахиёл» МФЙ Қарлиқбоғот кўчасида ёнғин содир бўлди, деб хабар берди Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати.

Келтирилишича, ҳодиса ҳақида шаҳар ФВБга қўнғироқ бўлган. Кўрсатилган манзилга 2 та ёнғин-қутқарув бўлинмаси 00:05 да етиб борган ва соат тахминан 00:33 да ёнғин тўлиқ ўчирилган.

Воқеа сабаб фуқаро Х.Б.га тегишли, енгил типда қурилган кичик ҳажмли савдо (савдо дўкони эмас) растасининг 6 метр квадрат ва унга ёндош «Қишлоққурилишбанк»га тегишли бўлган банкомат қурилмасининг 4 метр квадрат майдон қисми зарар кўрган.

Ёнғиндан ҳеч ким жароҳат олмаган. Ҳозирда ҳодиса сабаби ва зарар миқдори аниқланмоқда.

Вилоят ФВБнинг қўшимча қилишича, мазкур ёнғин жойида катта кучланишли электр токи борлиги сабабли ёнғинга сув беришнинг имкони бўлмаган. Қутқарувчилар сув беришга уринган, оқибатда мавжуд электр токи қутқарувчиларга ўз таъсирини кўрсатган.

Маълум бўлишича, бу манзилдан ўтувчи электр линиясини асосий тармоқдан узиш учун электр мутахассислари томонидан қарийб 30 дақиқа вақт сарфланган.