26 январь куни «Борсакелмес» давлат буюртма қўриқхонаси ҳудудида 13 бош жайронни отган браконьерлар қўлга олинди, деб хабар берди Табиат ресурслари вазирлиги матбуот хизмати.

Рейд тадбирлари давомида соат 20:30 да Қўнғирот тумани «Жаслиқ» посёлкасида яшовчи фуқаролар Ж.Е. ва М.И. қонунга хилоф равишда мототранспорт воситаси ёрдамида тегишли рухсатномаси олинмаган ов милтиғи билан «Қизил китоб»га киритилган, йўқолиб бораётган ноёб тур ҳисобланган 13 бош жайрон (кийик)ни отиб, жонсиз ҳолатда олиб кетаётган пайтида ушланган.

Броконьерлардан 16 калибрли бир стволли бир дона ов милтиғи, жами 35 дона, шундан 16 дона отилмаган ва 19 дона ишлатилган ов милтиғи ўқлари ҳамда 13 бош отиб нобуд қилинган жайрон ашёвий далил сифатида олинган.

Бу ҳолатда «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги ҳамда «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонунларнинг тегишли моддалари талаблари қўпол равишда бузилган деб топилди.

Ҳозирда ҳолат бўйича дастлабки суриштирув ишлари амалга оширилиб, ҳайвонот дунёсига етказилган зарар миқдори ҳисобланмоқда.

Жиноят содир этганларга нисбатан чора кўриш учун тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Орол табиатни муҳофаза қилиш прокуратурасига тақдим этилмоқда.

Аввалроқ ҳам — 2019 йилда Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманида икки соат ичида 13 бош жайронни отиб ўлдирган браконьерлар қўлга олинганди.