Bukhara News ахборот ресурси томонидан маълумотларнинг ҳаққонийлиги ўрганилмасдан видеомурожаат эълон қилингани юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бухоро вилояти прокуратураси ахборот хизмати маълумот берди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги вилоятда бир куннинг ўзида «Цинепар» сиропини ичган 23 нафар бола вафот этгани айтилган хабарларни рад этганди.

Бу маълумотлар мутлақо асоссиз ва ҳақиқатга зид. Ўрганишлар давомида вилоятдаги тиббиёт муассасаларида даволанган болаларда ушбу препаратни қабул қилиш туфайли ҳеч қандай ўлим ҳолати кузатилмади, дейилганди баёнотда.

Аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар тарқатилгани ҳолати бўйича вилоят прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 244 1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

«Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонуннинг 12 1- моддасида ахборот ресурсининг эгаси, шу жумладан, блогерлар учун ўз веб сайтига ва (ёки) веб сайт саҳифасига ёхуд бошқа ахборот ресурсига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштирилгунига қадар унинг тўғрилигини текшириш мажбурияти бор.

Қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бориш вилоят ИИБга юклатилди. Тергов жараёни тўғрисида қўшимча ахборот берилиши маълум қилинди.