Ўзбекистон мактабларида қишки таътил салкам бир ойга чўзилди. Одатда 11 январдан бошланадиган учинчи чорак дарсларига яна салкам 2 ҳафта ўтиб киришилди. Бунгача таътил муддати 3 марта ўзгарди. Ўқувчилар ҳокимликлар чиқарган қарорлар сабаб мактабга бир кун бориб, сўнг яна таътилни давом эттиришига ҳам тўғри келди. Шундан сўнг, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда туман-шаҳар ҳокимликлари қарорлари билан таътил 22 январь куни тугаши маълум бўлди.

«Газета.uz» эрта тонгдан Тошкентдаги бир неча мактабларда бўлиб, синф хоналаридаги ҳароратни ҳамда ўқувчиларнинг кайфиятини ўрганди.

Хусусан, айрим мактаблар халқ таълими бўлимининг рухсатисиз маълумот беролмаслигини билдириб, суратга олишни тақиқлади. Мактаблар раҳбариятлари Халқ таълими бўлимларига қўнғироқ қилиб кўришди, бироқ масъуллар жавоб бермади.

дарслар, мактаб

Яшнобод туманидаги 307-мактабда ҳам дарслар офлайн давом этяпти. Бинонинг аксарият қисми иссиқ, иситиш тизими ҳамма хоналарда турли ҳароратда ишлаяпти. Хатто коридорлардаги «отопления»лар ҳам совуқ эмас. Мактаб раҳбариятининг маълум қилишича, давомат 90 фоиздан юқори. Ўқитувчилар дарс қолдирган ўқувчиларнинг айримлари касаллиги, айримлари ухлаб қолгани ва баъзилари бошқа сабаблар билан дарс қолдирганини айтди.

«Менинг синфимда 35 нафар ўқувчи бўлиб, бугун уларнинг барчаси дарсга келди. Улар дам олишдан ҳам чарчашган, мактабни соғинишган. Билим олишни исташяпти. Синфхона илиқ. Барча ўқувчилар жемфер ва свитерларда ўтиришибди. Бошида кўп ўқувчилар 11 январда келишганди, ўша куни ўқидик. Бироқ, у вақтда жуда қаттиқ совуқ бўлганди. Ота-оналарнинг айримлари болаларини уйда олиб қолишди. Кейин таътил 18 январгача давом этишини айтишди. Ундан кейин дарслар 23 январдан бошланишини ота-оналар янгиликлар орқали билиб олишди, ўқитувчилар ҳам маълумот учун бу ҳақда хабарларни етказиб турди», — деди 307-мактбанинг Бошланғич синф ўқитувчиси Оксана Кряжева.

дарслар, мактаб

Бошланғич синф ўқитувчиси Оксана Кряжева.

«Синфда 34 та ўқувчим бор. Уларнинг 4 нафари касаллиги учун кела олмади. Улардан хабар олдим», — деди бошқа бир ўқитувчи.

дарслар, мактаб

Бошланғич синф ўқитувчиси Матлуба Бердиева.

Ўқувчиларнинг баъзилари уйдан кўра, мактаб иссиқроқ эканини айтиб, яшаш жойида чироқ мунтазам ўчиб турганини билдирди. Бошқалари эса уйи иссиқроқ туйилмоқда экан.

дарслар, мактаб

«Уйдан кўра мактаб иссиқроқ. Уй совуқ. Ойим икки қават „колготка“, шапка, куртка, жемфер кийдириб юборди», — деди бир ўқувчи қиз.

дарслар, мактаб

«Мактабдан кўра, уйим иссиқроқ», деди яна бир ўқувчи бола. Яна бир юқори синф ўқувчисининг айтишича, улар уйида алоҳида печ ёқишади, шу сабаб мактабдан кўра уйлари иссиқроқ.

Мактаб директори ўринбосарининг айтишича, бинода иситиш тизими таътилда ҳам ўчирилмаган. Фақат босим пасайганида ҳарорат тушган бўлиши мумкин.

дарслар, мактаб

307-Мактаб директори ўринбосари Сурайё Абдувалиева.

«Бизда истиш тизими қиш вақти ҳам тўхтамади. Шаҳарларда оммавий иссиқлик таъминоти қачон ёқилган бўлса, шундан бери „отопление“ ўчирилмаган. Газ босими пасайган пайтда иссиқлик босими пасайган бўлиши мумкин. Шундан кейин агар системада ҳаво пробкалари чиқариб юборилса, яна тизим ўз ишини бошлайди. Биз асосан ўқиш тўхтаб қолмаслиги тарафдоримиз», — дея таъкидлади Сурайё Абдувалиева.

Унинг сўзларига кўра, бир-икки ҳафта ортиқча бўш қолган болаларни йиғиб олиш ҳам қийин бўлади.

«Газета.uz» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров Миробод туманидаги 110-мактабга борди, бироқ у ерда ҳам суратга олишга қаршиликлар кўрсатилди. Шундан сўнг мухбир 328-мактабдаги шароитлар билан танишди.

»дарслар,

Миробод туманидаги 328-мактаб директори ўринбосари Елена Раҳимова.

«Мактабимизда 1470 нафар ўқувчи бўлса, бугун улардан 1227 нафари дарсга келди. III чорак бошланишидан олдин барча хоналаримизни иссиқлик билан таъминлаш чоралари кўрилган. Ҳозир хоналаримизда ҳарорат 18−19 даражани ташкил қилади, ота-оналардан ҳеч қандай шикоят келиб тушаётгани йўқ», — деди 328-мактаб директори ўринбосари Елена Раҳимова.

Шунингдек, ота-оналардан бири мактабга 3−4 кун аввал келиб кетганини, иссиқлик даражаси яхши эканлигини қайд этди.

Суҳбатдошлар таъкидлаганидек, қишки таътил бошқа узайтирилмаса керак. Энди қолган муаммоли мактабларнинг иситиш билан боғлиқ камчиликлари бартараф этилса, онлайн ўқиётган ўқувчилар ҳам тезроқ ўз парталарига қайтган бўларди.