Тошкент вилояти Ангрен шаҳри прокурорининг 18 январь куни шаҳардаги 22-мактабга бориб, ўқитувчилар ҳақида айтган фикри акс этган видео интернетда тарқалди. Видеода прокурор мактаб ҳовлиси қордан тозаланмаганидан шикоят қилганини кўриш мумкин.

«Ангрен шаҳридаги 22-мактабдамиз ҳозир. [Мактаб ҳовлиси] умуман қордан тозаланмаган. Яқинда мактаб бошланади, бу ерлар тозаланмаган. Ўқитувчилар ҳам йўқ, бекордан-бекорга ойлик олиб ётишибди. Ҳамма мактаб ўзига хулоса қилсин, бўлмаса, биз хулоса қиламиз. 4 та сектор юрибмиз, мана ҳоким, милиция…», — дея таъкидлаган у.

Прокурор ташрифидан сўнг ўқитувчилар мактаб ҳудудини қор ва муздан тозалаётгани тасвирланган фотосуратлар ҳам тарқалди.

ангрен, прокурор

Фото: School English Teachers / Telegram

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги педагог ходимларни хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш тақиқлангани, ушбу видеолавҳа Бош прокуратурага юборилганини маълум қилди.

Бош прокуратура «Газета.uz»нинг вазият «алоҳида назоратга олингани» ҳақида юборган сўровига жавоб қайтарди. «Текширув кетмоқда, натижаларни сизга маълум қиламиз», — дея қўшимча қилинади хабарда.

Шундан сўнг Тошкент вилояти прокуратураси ҳолат бўйича расмий баёнот бериб, прокурор жазоланганини маълум қилди. Шаҳар прокурорининг ўзи ҳолатни қуйидагича изоҳлади:

«Мен Ангрен шаҳри прокурори — иккинчи сектор раҳбари Қобилжонов Улуғбек бўламан. Ўқитувчиларга чуқур ҳурмат сақлаган ҳолда улардан узр сўраб қоламан. Видеом кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Мактабда тозалаш ишларига масъул ишчилар ҳам ўз ишини бажармаганини билдириб, буни бартараф қилиш лозимлигини айтганман. Аслида мен мактаб ҳудудини ўқитувчи ва мураббийларимиз эмас, балки ушбу ишга масъул шахслар бажаришини ташкиллаштиришни сўраганман. Ушбу ҳолатдан қаттиқ афсусдаман, ўқитувчи ва мураббийлардан узр сўраб қоламан», — деди прокурор.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил декабрь ойида президент Администрацияси шўъба мудири Саида Мирзиёева ўқитувчиларга ўз вазифаларига алоқадор бўлмаган топшириқлар берганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик жорий этилишини маълум қилганди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев эса парламентга ва халққа қилган мурожаатномасида Конституцияда ўқитувчи мақоми, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш кафолатларини ҳам белгилаб беришни таклиф қилганди.