18 январь, чоршанба куни Санкт-Петербургда Қозоғистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Роман Скляр ва Россиянинг «Газпром» компанияси бошқаруви раиси Алексей Миллер ўртасида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар берди Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати.

Учрашувда, Қозоғистон ва Россия ўртасидаги табиий газ соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг асосий масалалари муҳокама қилинди.

«Музокаралар якунларига кўра, томонлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишларини, хусусан, Оренбург ГEСида қозоқ газини қайта ишлаш, Россия газини Қозоғистонга етказиб бериш имкониятлари ҳамда истиқболли ҳамкорлик лойиҳаларини белгиловчи „йўл харитаси“ имзоланди», — дейилади хабарда.

Ҳужжатнинг тафсилотлари келтирилмаган.

Учрашувда Қозоғистон энергетика вазири Болат Акчулаков, QazaqGaz миллий компанияси бошқаруви раиси Санжар Жаркешов ҳам иштирок этди.

Бир ҳафта олдин Роман Скляр Россия Федерацияси ҳукумати раҳбари ўринбосари Александр Новак билан учрашган эди.

Россия Федерацияси ҳукумати хабарида учрашув ҳақида қуйидагича баён қилинди: «Роман Скляр Қозоғистон томони Россия билан энергетиканинг барча соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёрлигини тасдиқлади. У Қозоғистоннинг Россия билан Қозоғистон газ транспорти тизимини модернизация қилиш, мамлакатнинг шимолий ва шарқий ҳудудларини газлаштириш, Россия энергия ташувчиларини учинчи давлатларга ташиш ҳажмини оширишда ҳамкорлик қилишдан манфаатдорлигини алоҳида қайд этди».

Қозоғистон-Россия газ ҳамкорлиги

Россиянинг Neftegaz.ru нашри Шарқий Қозоғистон ва Шимолий Қозоғистон вилоятларини газлаштириш Россия-Қозоғистон муносабатларининг газ соҳасидаги асосий жиҳат эканини ёзди.

Қозоғистон Энергетика вазирлиги мамлакат шимоли ва шарқини газлаштиришнинг иккита вариантини кўриб чиқмоқда — Россия манбалари ва «Сариарқа» магистраль газ қувури орқали.

«Бундан ташқари, бу вариантлар бир-бирини истисно қилувчи эмас, балки бир-бирини тўлдирувчи сифатида баҳоланади», — дейилади нашрда.

Россия газини етказиб бериш учун қуйидаги иккита қувур йўналиши ўрганилмоқда:

  • Барнаул — Рубтсовск — Семей — Уст-Каменогорск, узунлиги тахминан 1000 км бўлган Павлодар филиали орқали;
  • Ишим — Петропавловск — Кокшетау — Нур-Султон, узунлиги тахминан 644 км.

«Газпром» ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликнинг яна бир йўналиши — Оренбург газни қайта ишлаш заводида Қозоғистоннинг Карачаганак нефть ва газ конденсат кони газини қайта ишлаш.

2022 йил июнь ойида томонлар 2022−2023 йилларда Карачаганак нефть-газ конденсати конида газни қайта ишлашни кўпайтириш бўйича келишувга эришгандилар.

«Уч томонлама газ иттифоқи»

Ноябрь ойи охирида Россия Ўзбекистон ва Қозоғистонга уч томонлама газ иттифоқини тузишни таклиф қилгани маълум бўлганди. Россия томони бу таклиф сиёсий шартлар эвазига газ етказиб беришни назарда тутмаслигини, гап тижорий манфаатларни мувофиқлаштириш ҳақида кетаётганини билдирди.

«Газета.uz»га турли манбалардан маълум бўлишича, бу масала россиялик ҳамкорлар билан қатор икки томонлама учрашувлар чоғида муҳокама қилинган.

Дастлаб, Россия томони Россияда ишлаб чиқарилган табиий газни тескари тартибда, Қозоғистон орқали «Марказий Осиё — Марказ» (CAC) қувури орқали етказиб беришни таклиф қилган.

Россия томонининг асосий шарти Ўзбекистон газ узатиш тизимини бозор қиймати бўйича «Газпром» тасарруфига ўтказиш эди. Бундай талаблар ушбу шартларга рози бўлмаган «Qazaqgaz» миллий компаниясига ҳам қўйилган.

Россия томони илгари сурган иккинчи шартга кўра, Ўзбекистон Хитойга газ экспорт қилиш ҳуқуқидан воз кечиши керак бўлган. Яъни, «Газпром» шартномада Ўзбекистоннинг «UzGasTrade» компанияси ўрнид бўлишни таклиф қилган.

Декабрь ойида ўтказилган икки томонлама музокаралар натижасида Россия томони қўйган шартлар рад этилди.

Газ таъминотининг техник имкониятларини баҳолаш бўйича бир қатор қўшимча учрашувлар ўтказиш режалаштирилган. Бироқ, зарур ишларнинг кўлами катта миқдордаги маблағларни сафарбар қилишни талаб қилади. Шу муносабат билан, таъминотни ташкил қилишнинг амалий имконияти даргумон, дейди манбалар.