Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9 январь куни тиланчилик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни жорий этишни кўзда тутувчи қонунни имзолади. Ҳужжат Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 30 ноябрда қабул қилиниб, Сенат томонидан 13 декабрда тасдиқланган эди.

Аэропортларда, вокзалларда, хиёбонларда, истироҳат боғларида, бозорларда ва савдо мажмуалари ҳудудларида, шунингдек уларга туташ ҳудудларда, автомототранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларида, кўчаларда, стадионларда, бекатларда, йўлларнинг қатнов қисмида, моддий маданий мерос объектлари жойлашган ҳудудларда, жамоат транспортининг барча турларида ва бошқа жамоат жойларида пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа моддий қимматликлар беришни фаол тарзда сўраб, тиланчилик билан шуғулланиш тиланчилик сифатида белгиланди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янги 188−3-моддасига мувофиқ, энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Вояга етмаган шахсларни, кекса ёшдаги шахсларни, руҳий касалликлари, ногиронлиги бўлган шахсларни ва бошқа шахсларни тиланчилик қилишга жалб этиш, шунингдек шахсларга алкоголли ичимликларни ёхуд гиёҳвандлик моддалари ёки психотроп моддалар бўлмаган, лекин шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи моддаларни мажбуран истеъмол қилдирган ҳолда уларни тиланчилик қилишга жалб этиш эса энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Жиноят кодексига киритилган янги 127−1-модда тиланчилик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишини кўзда тутади.

Юқорида санаб ўтилган шахсларни жалб этган ҳолда тиланчилик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг 100 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Тиланчиликка жалб этиш такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб, бошқа шахсни гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларни истеъмол қилишга мажбурлаган ҳолда содир этилган бўлса, 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бунгача Маъмурий жавобгарлик ва Жиноят кодексларида фақатгина вояга етмаганларни тиланчиликка жалб этганлик учун чора мавжуд эди.

Ички ишлар вазирлиги 2018 йилда Тошкентда тиланчилик билан шуғулланувчи 5000 дан ортиқ киши аниқланганини маълум қилган эди. Улар реабилитация марказларига юборилган. Тиланчилик билан шуғулланганларнинг 4000 дан ортиғини аёллар, жумладан 3000 мингини эса ёш болалилар, шунингдек 500 нафарини кекса ёшдагилар, 100 нафарини эса ногирон эркаклар ташкил этган.