Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 30 декабрь куни Солиқ кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Унда, жумладан, жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ставкаларини ошириш назарда тутилган.

«Газета.uz» аввалроқ 2023 йил учун солиққа оид ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот (рус тилида) берган эди. Хусусан, жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи бўйича 2022 йилда амалдаги солиқ ставкалари Солиқ кодексининг 422-моддаси 1-қисми 1−3-бандларида назарда тутилган объектлар бўйича ўртача 12 фоизга оширилади. Молия ва иқтисодиёт вазирлиги буни жисмоний шахслар учун 2018 йилда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органлар томонидан белгиланган солиқ солиш объектларининг кадастр қиймати (солиқ солинадиган база) миқдори сақланиб қолиниши билан изоҳлади.

500 кв. м гача бўлган уй ва квартираларнинг эгалари учун солиқ ўсиши 12−12,1 фоизни, 500 кв. м дан ортиқ уй-жой мулкдорлари учун эса 11,3 фоизни ташкил этади.


Солиқ солиш объектлари

2022 йилдаги ставка, %да

2023 йилдаги ставка, %да
1.
Уй-жойлар ва квартиралар, дала ҳовли иморатлари (умумий майдони 200 кв.м гача бўлганларини қўшиб ҳисоблаганда), кўп квартирали уйларга узвий боғлиқ бўлган автомашина турар жойлари, шунингдек бошқа иморатлар, бинолар ва иншоотлар
0,25
0,28 (+12%)
2.

Шаҳарларда жойлашган уй-жойлар ва квартиралар, умумий майдони:




200 кв.м дан ортиқ ва 500 кв.м гача бўлган
0,33
0,37 (+12,1%)

500 кв.м дан ортиқ бўлган
0,44
0,49 (+11,3%)
3.
Бошқа аҳоли пунктларида жойлашган, умумий майдони 200 кв.м дан ортиқ бўлган уй-жойлар ва квартиралар, дала ҳовли иморатлари
0,33
0,37 (+12,1%)
4.
Тадбиркорлик фаолияти учун ёхуд юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага беришда фойдаланиладиган солиқ солиш объектлари, шунингдек тадбиркорлик фаолияти ва (ёки) даромадлар олиш учун мўлжалланган, яшаш учун мўлжалланмаган кўчмас мулк объектлари
1,5
1,5

Бундан ташқари, Молия вазирлигининг маълум қилишича, 2023 йилда уй-жой фондига (шу жумладан, кўп квартирали уй билан бевосита боғлиқ бўлган машина ўрни) эга бўлган жисмоний шахслар учун солиқ суммасининг ўсиш суръати бўйича аввалгисига нисбатан чеклов қўллаш амалиёти сақланиб қолмоқда. Хусусан, 2018 йилда белгиланган кадастр қийматидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган солиқ суммаси жорий йилда 2022 йил учун ҳисобланган солиқ суммасидан 1,3 баравардан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Маълумот учун: мазкур чеклов 2018 йилдан бошлаб мол-мулк солиғи инвентар қийматидан (2018 йилгача) кадастр қийматидан келиб чиққан ҳолда мол-мулк солиғига ўтказилгандан сўнг солиқ юкининг кескин ошишига йўл қўймаслик мақсадида жисмоний шахсларга тегишли барча кўчмас мулк объектларига нисбатан қўлланилади.

Шу билан бирга, 2023 йилдан бошлаб нотураржой кўчмас мулк объектлари учун ўтган йилга нисбатан жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ суммасига чеклов қўллаш амалиёти бекор қилинади. Ушбу қоида жисмоний ёки юридик шахсга тегишли бўлишидан қатъи назар, кўчмас мулк объектларини функционал мақсадига кўра (турар жой бўлмаган бинолар) солиққа тортиш учун тенг шарт-шароитлар яратиш мақсадида жорий этилган. Ер солиғи бўйича чеклов 2022 йилдан бошлаб жисмоний шахслар томонидан тадбиркорлик фаолиятида фойдаланилаётган ер участкаларига нисбатан қўлланилмайди.