Вазирлар Маҳкамасининг «Қишки спорт турлари бўйича республика ихтисослаштирилган спорт мактаби фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали хабар берди.

Мазкур қарор билан қишки спорт мактабининг асосий вазифалари белгиланди. Қишки спорт турлари бўйича ўқув-машқ йиғинлари, республика ва минтақавий спорт мусобақаларини ташкил этиш, хорижий мамлакатларнинг қишки спорт турлари бўйича мактаблари, клублари ва марказлари билан ҳамкорликни ривожлантириш шулар жумласидан.

Республика қишки спорт мактаби 2024/2025 ўқув йилидан ўз фаолиятини бошлайди ҳамда мактабдан ташқари спорт-таълим муассасаси ҳисобланади.

Мактабни ташкил этиш ва спорт иншоотларини қуришда қишки спорт турлари (фигурали учиш, конькида учиш, шорт-трек, хоккей) билан ўқувчиларнинг доимий машғулот ўтказиши учун ёпиқ муз саройи ва очиқ спорт майдони ҳамда махсус тренажёр залига эга бўлиши лозим.

Қишки спорт турлари бўйича республика ихтисослаштирилган спорт мактаби президентнинг 2022 йил 1 июлдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил декабрь ойида Миллий олимпия қўмитаси Ўзбекистонда Хоккей федерацияси, Фигурали учиш ва шорт-трек федерацияси, Кёрлинг федерацияси ва Чанғи спорти федерацияси ташкил этилишини маълум қилганди. Ўшанда сўнгги йилларда қишки спорт турларида Ўзбекистон вакиллари халқаро майдонда мақташга арзигулик натижаларга эриша олмаётгани, 1994 йилда Норвегиянинг Лиллехаммер шаҳрида бўлиб ўтган XVII қишки Олимпия ўйинларида Лина Черязова томонидан қўлга киритилган олтин медали ягоналигича қолгани билдирилган.

2019 йилнинг май ойида Ўзбекистонда Чанғи спорти федерацияси Адлия вазирлиги рўйхатидан ўтказилган.