Ўзбекистонда қишки спорт турлари бўйича тўртта мустақил федерация ташкил этилади, дея хабар қилди Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.

Улар Хоккей федерацияси, Фигурали учиш ва шорт-трек федерацияси, Кёрлинг федерацияси ва Чанғи спорти федерациясидир. Улар таркибига сноуборд, тоғ чанғи спорти, фристайл, трамплиндан сакраш каби спорт турлари ҳам киритилади.

Чоршанба куни МОҚ, Жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси, Қишги спорт турлари ассоциацияси ҳамда ҳомий ташкилотлар Ўзбекистонда қишги спорт турларини ривожлантиришга бағишланган йиғилиш ўтказди.

Учрашувда қайд этилганидек, сўнгги йилларда қишки спорт турларида Ўзбекистон вакиллари халқаро майдонда мақташга арзигулик натижаларга эриша олишмаяпти. 1994 йилда Норвегиянинг Лиллехаммер шаҳрида бўлиб ўтган XVII қишки Олимпия ўйинларида Лина Черязова томонидан қўлга киритилган олтин медали ягоналигича қолмоқда.

Йиғилишда қишки спорт турлари тараққиётига туртки бериш, кадрлар тайёрлаш масаласини йўлга қўйиш, ишни энг қуйи бўғин — болалар спортидан бошлаш учун ташаббус гуруҳи ташкил этилди. Ушбу гуруҳ қишки спорт турлари бўйича тўртта мустақил федерация фаолиятини йўлга қўйиш, профессионал мутахассисларни ишга жалб қилиш, федерацияларнинг самарали фаолият юритиши учун ҳомийлар ва сармоядорларни таклиф этиш масалалари билан шуғулланади.

Ташкил этилаётган федерациялар қишки спорт турлари бўйича болалар ва ўсмирлар мактаблари фаолиятини йўлга қўйиш ва шу орқали ёш авлодни тарбиялаш, рақобатни кучайтириш ва терма жамоамизга муносиб номзодлар саралаб олиш учун клублар ташкил этиш, ҳудудларда федерациялар филиалларини очиш ва жойларда муз саройлари, қишки спорт турлари бўйича ўқув-машғулотлар базасини буёд этиши лозим.