Ўзбекистон Чанғи спорти федерацияси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди. Янги спорт ташкилотига чет эл капитали иштирокидаги Panasia инвестицион компанияси директори Беҳзод Рискибаевич Якубов раис этиб сайланди, дея хабар қилди федерация «Газета.uz"га.

Ташкилот Ўзбекистонда тоғ чанғиси, сноуборд, фристайл ва бошқа чанғи спорти турларини ривожлантириш, тарғиб этиш ва оммалаштириш, шунингдек мамлакат ҳудуди ва халқаро майдонларда спортнинг чанғи тури обрўсини ошириш билан шуғулланади.

Тоғ чанғиси бўйича Ўзбекистон термаси катта мураббийи Андрей Львович Воронов, регби бўйича собиқ иттифоқ спорт устаси Андрей Геннадьевич Дидиченко ва Спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактабининг сноуборд бўлими катта мураббийи Иван Александрович Меркушкин федерация вице-президенти лавозимларига тайинланди. «Янгиобод. Чотқол марвариди» туристик базаси соҳиби ва Қишки спорт турлари ассоциацияси бош котиби Али Халимович Тўхтаев федерация бош котиби лавозимини эгаллади.

Федерация раиси Беҳзод Якубовнинг сўзларига кўра, бугунги кунда қишки спорт турларига қизиқиш ортмоқда. Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида қурилаётган халқаро даражадаги Amirsoy тоғ-чанғи курорти, Тошкентдаги Humo муз саройи каби лойиҳалар бунга мисол бўлади.

Қишки спорт турлари бўйича тўртта федерация ташкил этилиши тўғрисида 2017 йилнинг декабрида маълум бўлган эди. Миллий олимпия қўмитаси мажлисида ташаббускор гуруҳга ишга профессионал мутахассисларни жалб этиш, шунингдек ташкилотларнинг самарали фаолияти учун инвестор ва ҳомийларни топиш вазифаси топширилган эди.