Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов республиканинг барча олий таълим муассасалари ректорлари ва проректорларига узайтирилган таътил якунига етмай олийгоҳга келган талабаларга тегишли шарт-шароитлар яратиш бўйича кўрсатмалар берди. «Газета.uz» вазирлик матбуот хизмати билан боғланиб, кўрсатмада қандай ишлар назарда тутилгани бўйича маълумот олди.

Қишки таътил узайтирилган бўлса-да, ушбу янгилик эълон қилинмасидан олдин ётоқхонага эртароқ келиб бўлган талабаларга қўшимча таътилни ўз ҳудудларига қайтган ҳолда ўтказишлари тавсия қилинди.

«Агар қайтишга шароити йўқлиги маълум бўлса, уларга ОТМ ётоқхоналарида алоҳида эмас, маълум бир хоналар ажратилиши мумкин. Бунда энергия ресурсларини тежаш мақсад қилинган. Бу масалада айнан қандай йўл тутилиши ҳар бир ОТМнинг ўзига боғлиқ, улар ички тартиб-қоидаларидан келиб чиққан ҳолда талабаларга қулайлик яратади», — дейилади вазирлик изоҳида.

Талабалар ҳар қандай муаммоли вазиятларда ўзлари таҳсил олаётган олий таълим муассасаси ректоратига мурожаат қилишлари сўралган. Бу чораларнинг барчаси ҳаво ҳароратининг кескин тушиши оқибатида талабалар соғлигига жиддий зарар етказмаслик мақсадида амалга оширилаётгани таъкидлаб ўтилган.

Эслатиб ўтамиз, аномал совуқ тушиши, ўқув муассасалари иш тартибига ҳам таъсир кўрсатган. Хусусан, мактабгача таълим ташкилотларида 10−18 январь кунлари таътил эълон қилинган.

Ш муносабат билан барча бўғиндаги таълим муассасаларида қишки таътил муддати 17 январгача узайтирилган.