Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида 3 январь куни Nexia-2 автомобили 4 нафар пиёдани уриб юборди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.

Яккабоғ тумани «Алакуйлак» МФЙда яшовчи Р.А. Nexia-2 автомашинасини Тошкент-Термиз М-39 йўлида Шаҳрисабз туманидан Яккабоғ тумани йўналишида бошқариб борган. Шу пайт «Мевазор» МФЙ ҳудудида йўлнинг чап томонидан ўнг томонига ҳаракатланиб ўтаётган, Яккабоғ тумани «Наврўз» МФЙда яшовчилар — Ж.Х., М.М., вояга етмаганлар Ш. С., Ш. Х.ни уриб юбориб, ЙТҲ содир этган.

Оқибатда уч фуқаро олган тан жароҳати туфайли воқеа жойида ҳалок бўлган. Бир нафари жароҳат олиб, шифохонада вафот этган.

Ҳолат юзасидан Яккабоғ тумани ички ишлар бўлими тергов бўлинмаси томонидан ҳайдовчига нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» бандига (Одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) асосан жиноят иши қўзғатилди.

Ҳайдовчи Р.А. тегишли тартибда ушланиб, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.