22 декабрь куни Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида 18 нафар бемор «Док-1 Макс» сиропини ичиб, вафот этгани ҳақида ёзгандик. Кейинроқ, Қашқадарёда ҳам 1 ёшли бола даволаш чоғида ушбу сиропдан 5 кун ичирилгани ортидан ҳалоқ бўлганди.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳридаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида ҳам 10 нафарга яқин бола шамоллаш асоратлари сабаб реанимация бўлимида даволанаётгани маълум бўлди. «Газета.uz» мухбирлари шифохонага бориб, болаларнинг ота-оналари ва шифокорлар билан суҳбатлашди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (16-шаҳар шифохонаси) болалар реанимация бўлими бошлиғи Алишер Мустақимов ҳозир 14 бемор реанимация бўлимида даволанётгани, уларнинг 10 нафари шамоллаш асоратлари билан ётганини маълум қилди.

«Ҳозирги пайтда буйракка асорат бераётган респиратор инфекциялар сони бир мунча ошган. Буйрак етишмовчилиги билан ётган касаллар ўзи ҳар доим бўлган. Ҳозир ҳам бор. Айни вақтда ошиб кетди, кўпайди деёлмайман. 10 нафар беморнинг бир неча нафарининг онаси шамоллашга қарши бўлган дориларни ичишганини айтди. Лекин, бу ҳозирча ўз тасдиғини топгани йўқ. Ҳозир битта дорига тақалиб қолишдан йироқдамиз. Чунки, бундай дориларни ичмасдан буйрак касаллиги билан оғриганлар ҳам бор. Бир неча хил дориларни бирга қабул қилган беморлар ҳам бор. Уларнинг биттасини қўллаган беморлар ҳам бор», — дея таъкидлади шифокор.

Тиббиёт марказига келган беморнинг қариндоши жияни ўткир буйрак етишмовчилиги ташхиси билан даволанаётганини маълум қилди.

«Бухоро вилоятидан келдим. 2 ёшли жияним ҳозир болалар қабул бўлимида ётиб, даволаняпти. Келганимизга икки кун бўлган бўлса, ҳозир у кома ҳолатига тушган. Кўпчилик қатори унда ҳам ўткир буйрак етишмовчилиги ташхиси қўйилган. Лекин, жияним „Док-1 Макс“ сиропини қабул қилмаган. Охирги шамоллаган даврида „Quramax“ компаниясининг „Абронол“ сиропини қабул қилган», — деди Ёлқин Муқимов.

Унинг даволанаётган болаларнинг ота-оналаридан эшитгани бўйича сўзлаб беришича, болаларига ҳаммаси ҳам «Док-1 Макс» сиропини ичирмаган. Балки, худди ўша «Quramax» компаниясининг («Док-1 Макс» дорисини Ўзбекистонга айнан Quramax Medical МЧЖ импорт қилган) Ҳиндистондан келтирилган бошқа ном остидаги дориларини ичиришган.

«Бошқа ота-оналардан сўрасак, Цинепар Кид ва бошқа дориларини истеъмол қилишганини айтиб ўтяпти. Расмийларимиздан шу дориларни ҳам қўшимча текширувга олишларини сўраймиз. Ҳақиқатдан ҳам болалардаги ўткир буйрак етишмовчилиги касаллигига „Амбронол“ сиропи таркибидаги этиленгликоль моддасини ҳаддан миқдори кўплиги сабаб бўляптими ёки йўқ?», — деди беморнинг яқини.

Шунингдек, у жияни «Амбронол» сиропини бир ҳафта олдин кунига 2 маҳал қабул қилганини айтиб ўтди.

«Ҳозир жияним ушбу сиропидан касал бўлганми ёки йўқ, бу ҳақда қўлимда ҳеч қанақа исботим йўқ. Яқинларимнинг айтишича бир ой олдин жиянимга „Док-1 Макс“ сиропини беришган. У ҳеч қанақа асорат қолдирмаган. Дорини шифокор тавсияси билан олинганди. Лекин, бу ерда шифокорда нима айб ёки бу вазиятни оммага ошкор қилган инсонларда нима айб? Дорихоначи ҳам бу ерда айбдор эмас. Айб кимда бўлиши мумкин? Сотилишидан олдин дорини текширадиган инстанциялар бор. Мана шу ердаги масъуллардан ҳам вазиятни сўраш керак, деб ўйлайман», — дея таъкидлади у.

Яна бир «Амбронол» сиропини қабул қилган беморни Сурхондарёдан унинг бобоси Эркин Дониёров олиб келди.

«Сурхондарё вилоятидан келдим, 8 кундан бери неварам шу шифохонада ётибди. Ҳозир ҳолати оғир, 6 та диализ олди. Касал бўлишидан 15 кун олдин „Амбронол“ дорисини ичган, менимча олдин ҳам бу дорини ичганди. Биринчи бошланганда, эрталабгача температура қилиб, қусиб чиқди. Уни қишлоқ шифохонасига олиб бордик. У ердан туман марказига юборишди. Туман марказидан вилоятга. У ерда текшириб кўряптики, ҳақиқатдан ҳам буйрак ишламаяпти. Бола 3−4 кун пешоб ажратмади. Сурхондарёда диализ қилишга шароит йўқ экан. Кейин Тошкентга келдик. Пойтахтдаги шифохонада пешоб ажратишни бошлади. Ҳеч нимага пул сўрашгани йўқ. Мен билан бирга Музрабод туманидан бир шеригим ҳам келди. Унинг ўғли „Док-1 Макс“ ичган экан. У ҳам шу шифохонада ётибди. У ҳам, менинг неварам ҳам аста-аста пешоб ажрата бошлади. Лекин, барибир бу масаланинг охирига етиш керак», — деди у.

Бухоро вилоятидан келган яна бир беморнинг дадасининг сўзларига кўра, унинг фарзанди шамоллаш касаллигининг олдини олиш учун «Цинепар Кид» сиропини ичган.

«Бухоро вилоятининг Ромитан туманидан келдим, ўғлим шу ерда ётибди. Шамоллаганда «Цинепар Кид» деган сироп берганман. Келганимизга 4 кун бўлди. Дорини эса 8 кун олдин ичганди. У бошида қайт қилди, температураси кўтарилди. «Цинепар Кид»ни бундан аввал ҳам берардик. Охиргиси менимча ёмон чиқдими, билмадим. Бухородан асосий 3 та оғир касаллар Тошкентга юборилган. Қолганлар вилоятда даволаняпти. Ўша пайтда шифокор 22 бемор сиғадиган жойда, 72 нафар бемор болалар борлигини айтганди», — деди у.

Реанимация бўлими бошлиғининг сўзларига кўра, 28 декабрь куни 2 ёшли Жиззах вилоятидан келган бемор вафот этди.

болалар, док-1 макс, дорихоналар, касаллик

Алишер Мустақимов.

«3−4 кун ичида фақат бир бемор вафот этди, бундан бошқа ҳозирча вафот этганлар бўлмади. Унда шамоллашнинг ўткир респиратор инфекцияси ҳисобига буйрак етишмовчилиги ҳолати юзага келган. У ҳам шу „парацетамол“ қайсидир бир турини қабул қилган», — деди у.

Мана шу ҳолатдан келиб чиқиб, ўз фикримни айтадиган бўлсам, ота-оналар фарзандига дори олаётганда дорихоначилардан сўрайди. фармацевт етарлича илмли бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун асосан шифокорга мурожаат қилиш ва дорини рецепт билан ёзиш керак, деди Алишер Мустақимов.