27 декабрь куни Саудия Арабистони вақти билан соат 9:15 да «Жидда-Мадина» 160-магистрал йўлида ўзбекистонлик зиёратчиларни олиб кетаётган Mercedes-Benz автобуси иштирокида ЙТҲ содир бўлди.

Бахтсиз ҳодиса натижасида автобусдаги 50 нафар зиёратчидан 10 нафари жабрланди, дея маълум қилди Ўзбекистон ТИВ матбуот котиби Юсуп Кабулжанов.

«Мазкур транспорт ҳодисаси оқибатида жабр кўрганларга Мадина шаҳри яқинидаги „Вади Ал-Фаръ“ ва „Ал-Ҳимна“ шифохоналарида тез тиббий ёрдам кўрсатилди. Автобусдаги 40 нафар зиёратчи Мадина шаҳридаги меҳмонхонага жойлаштирилди», — дейилади хабарда.

«Мазкур ҳолат Ўзбекистон Республикасининг Жидда шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан назоратга олинган. Ушбу мамлакатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ҳамда тиббиёт муассасалари билан доимий алоқа ўрнатилган. Дипломатларимиз фуқароларимиз ҳолидан хабарбор бўлиб турибди», — дея қайд этди ТИВ вакили.