Ҳакимов Раҳимжон Расулжонович Ўзбекистон президентининг ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланди, дея хабар қилмоқда Олий таълим вазирлиги.

Тайинловга қадар Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг фан ва инновациялар бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Раҳим Ҳакимов (1983 йилда туғилган) Наманган давлат университети (2003) ва Тошкент давлат юридик университети (2005) битирувчиси.

Президент ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институтида ишлаган. 2015 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланган. 2015−2017 йилларда Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси аъзоси, 2017 йилдан Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, 2018 йилдан — Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси сифатида ишлаган.

2019 йил сентябрь ойида Адлия вазири ўринбосари — Тошкент давлат юридик университети ректори этиб тайинланган эди. 2020 йил май ойидан ТДЮУ раҳбари бўлган.

Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойи ўрталарида 2017 йилдан буён адлия вазири лавозимида ишлаб келган Русланбек Давлетов президентнинг ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланган эди.

Бундан ташқари, Қаршибаев Муртаза Маматқулович Президент масалаҳатчиси — Спичрайтери ўринбосари лавозимига тайинланди. Тайинловга қадар Президент Администрациясида шўъба мудири лавозимида фаолият юритган.