Адлия вазири Русланбек Давлетов президентнинг ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар қилди.

Маълумот учун, Русланбек Давлетов 2017 йил 14 августда Адлия вазирлигига раҳбар этиб тайинланганди. Унгача у фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича Президент давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.

Русланбек Давлетов тўртта олий таълим муассасаси, жумладан Буюк Британиядаги Варвик университети битирувчиси ҳисобланади. Меҳнат фаолиятини 2001 йилда Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси етакчи мутахассиси лавозимида бошлаган. Кейинроқ мазкур қўмитанинг бош мутахассис, бўлим бошлиғи вазифасини бажарувчи лавозимларида ишлаган.

2004−2012 йилларда Вазирлар Маҳкамасининг ҳуқуқий экспертиза ва халқаро шартномалар бошқармаси етакчи мутахассиси, бош мутахассиси, 2012−2014 йилларда — Олий суд қошидаги суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш, суд тизими мустақиллигини таъминлаш тадқиқот маркази директори ўринбосари, директор в. б. лавозимларида фаолият олиб борган.

2014−2016 йилларда Президент девонининг Олий Мажлис, сиёсий ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик хизматининг Сенат ва Қонунчилик палатаси тузилмалари фаолиятини мувофиқлаштириш сектори мудири бўлган.