Афғонистон муваққат ҳукумати Таълим вазирлиги 23 март куни қизлар учун ўрта мактаблар «кейинги хабарга қадар» ёпиқ қолишини эълон қилди. Қизларнинг мактабга қайтиш санаси маълум эмас, деб хабар берди TOLOnews.

Аввалроқ, Таълим вазирлиги чоршанба куни 1-синфдан 12-синфгача бўлган барча мактаблар — ҳам ўғил, ҳам қиз болалар учун қайта очилишини эълон қилганди.

Бироқ, мактаб бошланишининг биринчи кунида 6-синфдан каттароқ қиз бола ўқувчиларга мактабларга кириш тақиқланди ёки уларга дарслар бошланганидан бир неча соат ўтгач, дарсни тарк этиш буйруғи берилди.

«Эрта тонгда мактабга келганимда жуда хурсанд бўлгандим. Қарасам, директоримиз йиғлаяпти, сабабини билмадим. Кейин эса ҳамма ўқувчилар йиғлаб юборишди», — деди ўқувчи қизлардан бири.

Амалдорлар мактабларнинг ёпилишига сабаб сифатида аёллар кийими билан боғлиқ муаммоларни кўрсатди. «Биз ҳижоб кийиб юрамиз. Улар бошқа яна қандай ҳижоб турини назарда тутаётганини билмаймиз», — дейди бошқа бир қиз.

БМТ афғон ҳукуматининг ўрта мактаб ўқувчиларини ўз парталарига қайтаришни кейинга қолдириш ҳақидаги қароридан хавотирда, деб хабар қилди ташкилот матбуот хизмати.

«Янги ўқув йили бошланишини барча ўқувчилар, қизлар ва ўғил болалар, уларнинг ота-оналари, бутун оиласи интиқлик билан кутаётган эди. Де-факто ҳокимиятнинг лаёқатсизлиги уларнинг бир неча бор ваъда беришига қарамасдан, 6-синфдан каттароқ қизлар учун мактаблар қайта очилмаслиги чуқур умидсизликка туширди. Бу Афғонистонга жиддий зарар етказади», — деди БМТ Бош котиби Антониу Гуттериш баёнотида.

БМТ раҳбари қизларни таълимдан маҳрум этиш нафақат уларнинг ҳуқуқларини поймол қилишини, балки афғон аёллари ва қизларининг улкан салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда мамлакат келажагига таҳдид солаётганини таъкидлади.

«Мен Толибоннинг де-факто ҳокимиятини кечиктирмасдан барча ўқувчилар учун мактабларни очишга чақираман», — деди Антониу Гуттериш.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет Толибонни ўз мажбуриятлари ва олдинги ваъдаларини бажаришга чақирди.

«Де-факто ҳокимиятнинг қизларга таълим бериш бўйича қайта-қайта ваъда беришларига қарамай, олтинчи синфдан кейин қизлар учун мактаб очилмагани, шу жумладан менинг Кобулга икки ҳафта олдин қилган ташрифим давомида ҳам — Афғонистонга жиддий зарар етказмоқда», — деди Мишель Бачелет. Унинг қўшимча қилишича, гап нафақат қизларнинг таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум қилинганлиги, балки улар зўравонлик ва эксплуатация олдида янада ҳимоясиз бўлиб бораётгани ҳақида кетмоқда.

Олий комиссарнинг сўзларига кўра, яқинда Кобулга ташрифи чоғида у афғон аёллари билан суҳбатлашиш имконига эга бўлган, улар мамлакатни қамраб олган иқтисодий ва гуманитар инқироздан чиқиш йўли ҳақидаги тасаввурлари билан ўртоқлашган. Мишель Бачелетнинг хабар қилишича, унинг суҳбатдошлари Толибонга ўз режасини тақдим этишга тайёр эканликларини билдиришган. «Улар бошланғич, ўрта ва олий даражада сифатли таълим олишда тенг ҳуқуқли бўлишни талаб қилишди ва мактабларнинг қайта очилишини интиқлик билан кутишганди», — дея қўшимча қилди Мишель Бачелет.

БМТ Олий комиссарининг ишончи комилки, Афғонистон аҳолиси ярмининг ҳуқуқларидан маҳрум этилиши самарасиз ва адолатсиз. Унинг сўзларига кўра, бундай камситиш мамлакатнинг келажакда қайта тикланиши ва ривожланиши истиқболларига путур этказади.

У толибларни «барча қизларнинг таълим олиш ҳуқуқларини ҳурмат қилишга ва камситишларсиз ҳамда кечиктирмасдан барча ўқувчилар учун мактабларни очишга» чақирди.

БМТнинг Болалар жамғармаси (UNICEF) ижрочи директори Кэтрин Рассел ҳам баёнот билан чиқди.

«Бугун Афғонистон бўйлаб миллионлаб ўрта мактаб ўқувчилари мактабга қайтиб, ўқишни давом эттириш умидида уйғонди. Аммо, тез фурсатларда уларнинг умидлари пучга чиқарилди», — деди UNICEF раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, бу қарор ўсмир қизларнинг бутун бир авлодини келажак фаровонлиги учун зарур бўлган кўникмаларга эга бўлиш имкониятидан маҳрум қилади.