Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 декабрь куни электромобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарорни имзолади. Бу ҳақда «Газета.uz»нинг ҳукуматдаги ахборот манбаси маълум қилди.

Қарорни қабул қилишдан асосий мақсадлардан бири «Яшил иқтисодиёт» технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этиш, электромобиллар ва уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш орқали ҳавога чиқариладиган зарарли газлар ҳажмини қисқартиришдан иборат.

Ҳужжатга мувофиқ, электромобиллар ишлаб чиқаришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими жорий этилмоқда ва ушбу тизим ишлаб чиқаришни қуйидаги тартибда йўлга қўядиган барча инвесторларга нисбатан тенг татбиқ этилиши белгиланмоқда:

  • биринчи босқичда, 24 ой давомида ишлаб чиқариш ишлаб чиқаришнинг тўлиқ цикли, жумладан кузовнинг камида 50 фоизини пайвандлаш, бўяш, йиғиш ва автомобилларни синашни йўлга қўйиш;
  • иккинчи босқичда, 36 ой давомида ойна, ўриндиқ, пластик қисмлар, эшик қопламалари, инструментлар панели, бампер каби бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ёки кооперация асосида маҳаллийлаштириш.

Электромобилларни саноат усулида ишлаб чиқариш давлат томонидан қуйидагилар орқали қўллаб-қувватланади:

  • 2030 йил 1 январга қадар республикада ишлаб чиқарилган электромобиллар утилизация йиғимидан, шунингдек, уларнинг бутловчи қисмлари, жиҳозлар, хомашё материаллари ва сервис хизмат кўрсатиш учун эҳтиёт қисмлари божхона божидан озод этилади. Утилизация йиғими миқдори электромобиллар учун 9 млн сўм ва гибрид автомобиллар учун 36 млн сўм, 2024 йилда ишлаб чиқарилиши режалаштирилган 15 мингта автомобиль учун имтиёз утилизация йиғимидан 337,5 млрд сўмни, божхона божидан 48,4 млрд сўмни ташкил этиши кутилмоқда;
  • инвесторларга ишлаб чиқариш жараёни ўзлаштирилгунга қадар (24 ойдан ошмаган) йилига 10 минг донадан (ишлаб чиқариш қувватларининг 50 фоизидан) кўп бўлмаган электромобилларни машинокомплект (SKD) ёки тайёр автомобиль (CBU) ҳолатида божхона божи ва утилизация йиғими тўламасдан олиб киришга рухсат берилади. Божхона тўловлари 1 дона электромобиль учун 800 долларга (утилизация йиғими), 1 дона гибрид автомобиль учун 6,9 минг (утилизация йиғими — 3,2 минг, божхона божи — 3,3 минг) долларга камаяди. 10 мингта автомобиль учун имтиёз 450−550 млрд сўмни ташкил этади.
  • республикада ишлаб чиқарилган электромобилларни сотиб олишга олинган 360 млн сўмдан кўп бўлмаган кредит фоизларининг 15 фоиздан ошган, бироқ 10 фоиз пунктидан ошмаган қисмини қоплаш учун кредитнинг дастлабки 36 ойида давлат бюджетидан компенсация тўланади.

Компенсация тўлови 1 дона автомобиль учун 3 йилга 59,1 млн сўмни,10 мингта автомобиль учун 591,2 млрд сўм бўлади. Кредитнинг ойлик тўлови 1,642 млн сўмга (8,7 млн сўмдан 7 млн сўмгача) камаяди.

Кредит фоизларининг бир қисмини қоплаш учун Давлат бюджетидан йиллик ўртача 100 млрд сўм маблағ сарфланиши (1 та электромобиль учун 59,1 млн сўм) кутилмоқда.

Корея (1−6 минг доллар), Япония (3,2−6,5 минг доллар), АҚШ (4,5−7,5 минг доллар) ва Хитой (0,8−2 минг доллар) каби давлатларда аҳолига электромобиль сотиб олиш учун компенсация тўланади.

2030 йил 1 январга қадар электромобилларда йўловчиларни ташиш хизматларини кўрсатувчи шахслар лицензия учун лицензия учун давлат божи тўлашдан озод этилади.

2023−2025 йилларда давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимликлар ва давлат улуши 50 фоиздан кўп бўлган корхоналар томонидан электромобиллар харид қилиниши бўйича мақсадли параметрлар тасдиқланмоқда.

Электромобиллар, уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш бўйича халқаро стандартларни, шунингдек, Европа, АҚШ ва Хитой каби давлатлар органлари томонидан берилган сертификатларни тўғридан-тўғри тан олишни назарда тутувчи қарор лойиҳасини тайёрлаш топширилмоқда.

Аввалроқ 2024 йилдан бошлаб барча янги савдо, кўнгилочар ва бизнес марказлари, ёқилғи қуйиш шохобчалари, меҳмонхоналар ва автомобиль йўллар бўйидаги инфратузилмаларда мажбурий тартибда электромобилларни қувватлантириш станциялари жойлаштирилиши ҳақида хабар берган эдик.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 10 октябрь куни электромобиль тармоғини ривожлантириш ва хизмат кўрсатиш қамровини оширишга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишиш жараёнида маҳаллий электромобиль хариди учун олинган кредит фоизининг бир қисми қоплаб берилиши белгиланган эди.