2019 йилнинг июнь ойида тақдим этилган ва 2020 йилнинг 18 августида жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилиниб, сўнг олиб ташланган «Митинг, йиғилиш ва намойишлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси яна жамоатчилик муҳокамасига қўйилади.

Бу ҳақда 15 декабрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида ИИВ вакиллари маълум қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Ушбу қонун лойиҳаси 2019 йилда муҳокама учун қўйилганди, кейин уни тўлдириш, қайта ишлаш учун ечиб олинганди (муҳокамадан олиб ташлангани назарда тутилмоқда — таҳр.). Бу ҳужжат албатта, қайта кўриб чиқилади ва тез кунларда яна жамоатчиликка тақдим қилинади. Жамоатчиликнинг эътирозлари, таклифлари инобатга олингандан кейингина бу ҳужжат парламентга киритилади», — деди ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов.

Журналистлар расмийлардан митинглар, йиғилиш ва кўча юришлари ўтказишнинг аниқ тартиби йўқлиги, лекин фуқаролар бунинг учун жазога тортилаётганига изоҳ сўради.

«Умумий қилиб айтганда, бу давлат ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қонуний нормаларнинг йиғиндисида ифодаланади», — дея жавоб қайтарди у.

Ғиёсовнинг қайд этишича, бугунги кунда мамлакатда йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишларни уюштириш тартиби Конституциянинг 33-моддаси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 201- ва 202-моддалари, Жиноят кодексининг 217-моддаси, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилдаги «Оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 205-сонли қарори, шунингдек, давлат ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган 100 дан ортиқ норматив ҳужжатларда белгиланган. Булар эса жамоатчилик учун умуммажбурий бўлган қоидалар мажмуи деб тушунилади.

«Ҳозирги пайтда шу тарқоқ нормаларни умумлаштириш мақсадида ҳукумат томонидан юқорида айтилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Бу тез кунларда жамоатчилик муҳокамасига қўйилади», — деди ИИВ матбуот котиби.

Эътиборлиси, амалдаги Бош қонуннинг 33-моддасига қуйидаги сўзлар келтирилган: «Фуқаролар ўз ижтимоий фаолликларини Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳокимият органлари фақат хавфсизлик нуқтаи назаридангина бундай тадбирлар ўтказилишини тўхтатиш ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга». Бироқ қай ҳолатда митинг ўтказиш мумкин ёки йўқлиги бирор қонунда қайд этилмаган.

МЖтКнинг 201-моддаси «Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш», 202-моддаси эса «Рухсат этилмаган йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ва намойишлар ўтказиш учун шароитлар яратиш» ҳақида. Жиноят кодексининг 217-моддасида эса шу турдаги ҳуқуқбузарлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 29 июлдаги 205-cонли қарори эса фақат оммавий тадбирлар ўтказиш тартиби қайд этилган бўлиб, ундаги «қоидаларнинг амал қилиши йиғилишлар, намойишлар, кўча юришлари ва намойишларини, шунингдек тўй, оилавий, юбилей, вафот этганлар хотирасига бағишланган оилавий аза маросимлари ва тадбирларни ўтказишга татбиқ этилмайди», дея қайд этилган. Шунга кўра, ҳукумат қароридан «митинг», «намойишлар», «кўча юришлари» каби сўзларни ҳам топа олмайсиз.

Бироқ ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов нимагадир айнан ҳукуматнинг ушбу қарорига таяниб, маълумот берди. Қолаверса, у айтган 100 дан ортиқ норматив ҳужжатлар айнан қайсилар эканлигига ҳам аниқлик киритилмади.

Таъкидлаш жоизки, митинглар ва кўча юришларини ўтказиш тартиби ҳеч қаерда ёзилмаганлигини 2021 йили собиқ адлия вазири Русланбек Давлетов ҳам шахсан тасдиқлаганди.

Аввалроқ блогер Олимжон Ҳайдаров митинглар ташкил этиш ва ўтказиш тартибини бузганлик, ёлғон ахборот тарқатганликда айбланиб, 21 млн сўм миқдорида жаримага тортилганди. Бу ҳолатга муносабат билдирар экан, депутат Расул Кушербаевнинг сўзларига кўра, ИИВ масъуллари ҳам аниқ тартибнинг ўзи йўқлигини тан олишган. «Суд тартибни бузган, деб топибдими, демак бу тартиб судга маълум. Уни бизларга ҳам тушунтириб беришсин», — дея таъкидлади халқ вакили. У шунингдек, ушбу саволларига Олий суддан жавоб кутишини қўшимча қилди.