Қозоғистонда 2022 йил январида Ўзбекистоннинг Остонадаги элчихонасида погром уюштирган эркак судланди, деб хабар берди Tengrinews.kz 2-сон Олмаота туман судига таяниб.

Хабарда таъкидланганидек, эркак маст ҳолатда Ўзбекистон элчихонаси биносига кириб, дипломатик ваколатхона мулкини атайлаб вайрон қилган ва шикаст етказган.

Натижада Ўзбекистон элчихонасига катта миқдорда моддий зарар етган. Қозоғистон Жиноят кодексига кўра, катта миқдорда зарар ойлик ҳисоб-китоб кўрсаткичининг минг бараварини (3180 тенге) ташкил этади. Шундай қилиб, Ўзбекистон элчихонасига етказилган зарар миқдори 3 180 000 тенгедан (6 800 доллардан ортиқ) ортиқроқни ташкил этади.

Суд ҳукми билан эркак Қозоғистон Жиноят кодексининг 202-моддаси 2-қисми 5-банди (Ўзганинг мулкини қасддан нобуд қилиш ёки шикастлаш, катта миқдорда зарар етказган ҳолда) билан айбдор деб топилиб, 3 йилга озодликдан маҳрум этилди. Ўзбекистон элчихонаси фойдасига моддий зарар ундирилди.

Бундан ташқари, ҳуқуқбузарга озодликдан маҳрум қилиш жойида алкоголизмдан мажбурий даволаниш белгиланди. Суд ҳукми қонуний кучга кирди, дейилади хабарда.

2021 йил декабрь ойида Остонада Ўзбекистон элчихонасининг янги биноси очилди, маросимда икки давлат президентлари Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жомарт Токаев иштирок этди.