Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судида 1−2 июль кунлари Нукусда (Қорақалпоғистон) содир бўлган воқеалар юзасидан суд жараёни давом этмоқда. Биринчи ҳафтада айблов хулосалари ва 22 нафар судланувчининг кўрсатмалари эшитилгандан сўнг фуқаровий даъвогар ва жабрланувчилар сўзга чиқди. 12 ва 13 декабрь кунлари бўлиб ўтган мажлисларда «Газета.uz» мухбири Шуҳрат Латипов иштирок этди.

Жараённинг иккинчи ҳафтасида (ўша ҳафтада суд мажлиси фақат уч кун — 5−7 декабрда бўлиб ўтди) 126 дан ортиқ фуқаровий даъвогарлар (мол-мулкига етказилган зарарларни қоплаш талабини илгари сурган шахслар) ҳамда жабрланганлар, жумладан, Нукус ИИБнинг собиқ раҳбари (июль воқеалари вақтида) Зиятдин Зияев сўзга чиқишди. Унинг фотосуратлари бошқа сўзга чиқувчилар қаторида Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

Зиятдин Зияев. Фото: Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати.Зиятдин Зияев. Фото: Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати.

Суд жараёнининг учинчи ҳафтасида дастлабки икки кунда суд тергови доирасида мос равишда 52 ва 56 нафар фуқаровий даъвогар ҳамда жабрланувчилар — ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари сўзга чиқди. Улар Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларидан видеоконференцалоқа орқали сўзлашди.

12 декабрь куни Тошкент ва Самарқанддан қўшилган жабрланган ҳарбийлар кўрсатма берди. Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардия ҳарбийлари — асосан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан — жамоат тартибини таъминлаш мақсадида намойишлар муносабати билан Нукусга жўнатилганини маълум қилишди.

нукус воқеалари, қорақалпоғистон

Гувоҳлик беришдан олдин суд иштирокчилари учун қасамёд.

Шимолий-Ғарбий ҳарбий округ ҳарбий қисмларидан бирининг хизматчиси капитан Рустам Бобожонов ҳам сўзга чиқувчилар орасида бўлиб, у экипаж аъзолари намойишчилар томонидан калтакланган БТР билан содир бўлган воқеа тўғрисида гапирди. Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати ушбу воқеа ҳақида маълум қилган эди. У кўплаб жароҳатлар олгани, ҳали ҳам даволанаётганини айтди. Шериклари унинг кўрсатмаларини тасдиқлашди ҳамда олган жароҳатлари ҳақида ҳам гапиришди.

нукус воқеалари, қорақалпоғистон

Жабрланувчилар ўз нуқтлари охирида судланувчиларга муносиб жазо тайинланишини сўрашди.

нукус воқеалари, қорақалпоғистон

Жабрланган ҳарбийлар кўрсатма бермоқда (қуйи чап бурчак). Фото: Олий суд.

13 декабрь куни Самарқанд, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистондан бир қанча ҳарбийлар, ИИВ, тиббиёт ходимлари ва оддий фуқаролар сўзга чиқишди.

Даулетмурат Тажимуратов.Даулетмурат Тажимуратов.

Сессия аввалида Даулетмурат Тажимуратов судда президент фармони билан процессуал ҳуқуқ берилган бўлса-да, адвокатларга телефондан фойдаланиш ва жараённи аудиога ёзиб олиш тақиқланганини айтди. Судья суд жараёни видео ва аудио ёзувга туширилаётгани, агар керак бўлса, адвокатлар қайдларни олишлари мумкинлигини маълум қилди. У, шунингдек, адвокатларга овоз ёзишга рухсат бериш масаласини кўриб чиқишини айтди.

Самарқандлик ҳарбий хизматчилардан бирининг чиқиши чоғида судланувчи Азамат Нуратдинов ҳарбий хизматчилардан кечирим сўраб, ўзи ва ёнидагилар қилмишидан афсусда эканини айтди.

«Ёмон миллат бўлмайди, ёмон одамлар бўлади. Ўша куни биз хато қилдик. Видеони тармоққа мана шу шахс — Даулетмурат Тажимуратова қўйган… Биродарлар, дўстлар, кўчадагиларнинг ҳаммаси шу видеолар туфайли шу йўлга чиқишди. Мен бундан афсусдаман. Бу йигитлар ҳам афсусда. Биз кечирим сўраймиз», — деди судланувчи. У билан бирга Тажимуратовдан бошқа барча судланувчилар ўрнидан турди.

Нуратдинов қорақалпоқ тилида шеър ёзишини айтди. Кечаси у ўзбек тилида юрт тинчлигини сақлашга бағишланган шеър ёзганини айтиб, уни ўқиб берди.

Шундан сўнг сўзга чиққан ҳарбийларнинг 10 нафарга яқини айбланувчиларнинг қилмишидан пушаймон бўлганини инобатга олиб, уларга нисбатан енгилроқ жазо қўллаш ёки кечиришларини сўради. Ҳар гал ҳарбийлар буни сўраганида айбланувчилар уларга миннатдорчилик билдириб, қарсак чалишди.

Айбланувчилар Разбек Бекмуратов ва Байрам Сейтниязов ҳам узр сўради.

нукус воқеалари, қорақалпоғистон

Суд тушлик учун танаффус эълон қилганидан кейин судланувчиларнинг яқинлари улар билан гаплашишга ҳаракат қилмоқда.

Суд жараёни 14 декабрь, чоршанба куни давом этади.

«Газета.uz» гувоҳлар бир-бирининг кўрсатувларини эшитмаслиги кераклиги боис Нукус воқеалари юзасидан суд мажлисидан онлайн трансляция музокаралар жараёнига қадар тўхтатилгани ҳақида ёзган эди. Шу муносабат билан биз ҳам гувоҳларнинг чиқишларини эълон қила олмаймиз.