Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев сешанба куни Учтепа туманига ташрифи чоғида Чилонзор иссиқлик марказини бориб кўрди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Ушбу мажмуа 1969 йилда қурилган. Қозонхона 700 Гкал қувватга эга. Марказ 921 та кўп қаватли уй ва 100 дан ортиқ ижтимоий соҳа объектларига иссиқлик қуввати етказиб беради.

куз-қиш мавсуми, учтепа тумани, шавкат мирзиёев

«Сўнгги кунларда об-ҳавонинг кескин совиб кетиши оқибатида газ босимининг пастлиги кузатилмоқда. Бу иситиш даражасига салбий таъсир қилмоқда. Чилонзор иссиқлик марказида ҳам ускуна ва тармоқлар эскирган. Иссиқликни узатишда йўқотишлар бор. Шу боис бу борадаги зарурий чора-тадбирлар муҳокама қилинди», — дейилади хабарда.

Президент Тошкент туманларига электрда ишлайдиган 2 мегаваттли станциялар олиб келиб, қўшимча иссиқлик қувватлари яратиш таклифи маъқулланди. Бундай битта қурилма 1340 та хонадонга иссиқлик етказиб беради. Ишлаб чиқариш харажати камлиги эвазига нарх ошмайди.

«Йиқилса кимни айблайди? Президентни»

Шавкат Мирзиёев кутилмаганда шу ердаги Ширин маҳалласини кириб кўрди. Аҳоли хонадонларида бўлиб, турмуш шароитлари, иссиқлик таъминоти билан қизиқди. Давлат раҳбари матбуот хизмати ушбу ташрифдан бир қанча видеоларни эълон қилди.

Уларда президентнинг бош вазир Абдулла Арипов, шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва бошқа расмийлар ҳамроҳлигида музлаган йўлаклардан қандай ўтаётгани кўрсатилган.

куз-қиш мавсуми, учтепа тумани, шавкат мирзиёев

У кўп қаватли уйнинг кираверишига келиб, кириш эшигини кўздан кечирди ва эшик ташқарисидаги қушларнинг ахлатини кўрсатиб, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Шерзод Хидоятовдан: «Қани компаниянг?» (афтидан бошқарув компаниясига ишора қилди). Ҳамманг доклад қилишни зўр биласан, пул бер, томпенсация бер, деб", — деди Шавкат Мирзиёев.

Туман ҳокими Фарҳод Абдуллаевга мурожаат қилар экан: «Фарҳод, уялмайсанми?» — деди у яхши ҳокимлардан бири саналишини таъкидлаб.

Президент муз билан қопланган йўлакка ишора қилиб: «Биз катта кўчани қиламиз, бу ерни қилмаймиз. Мана ҳозир бу бечоралар чиқади, йиқилади, кимни айблайди? Президентни», — деди.

Давлат раҳбари шаҳар ҳокимига мурожаат қилар экан: «Ортиқхўжаев, майли, қанча қўшимча маблағ?.. Мана шу ерни қор ёққанидан кейин кўрдингизми, уч кун олдин қилганимизда, бу бўлмасди. Мана энди муз, яхмалак бўлди. Албатта йиқилади бу ерда», — дея таъкидлади.

«Тушунарли, ҳурматли президент», — деди шаҳар ҳокими.

«Шуни қилса бўлади-ку. Ҳозир сизлар пахта экмаяпсизлар, ғалла экмаяпсизлар, шўр ювмаяпсизлар. Қишлоқда шўр юварди туман ҳокимлари.

«Ҳар ким йиқилади бу ерда», — дея Шавкат Мирзиёев кириш эшиги олдидаги музлаган йўлакни кўрсатиб.

«Тўппа-тўғри айтдингиз», — дея жавоб берди бош вазир Абдулла Арипов. «Юз фоиз ҳақсиз», — дея қўшимча қилди у.

«Қилганда ҳам йиқиладиган қилиб қўйганмиз, — дея зинани кўрсатганча сўзини давом эттирди президент. — Худо кўрсатмасин, машина ўтиб қоладиган бўлса, тагига тушиб кетади».

«Уйингиз иссиқми?»

куз-қиш мавсуми, учтепа тумани, шавкат мирзиёев

Шавкат Мирзиёев хонадонлардан бирининг эшини тақиллатди ва ҳайратда қолган фуқародан: «Уйингизда иссиқлик қандай?» — деб сўради.

«Ростини айтсам? Унчалик эмас», — жавоб қилди эркак.

«Аммо умуман олганда етарли, тўғрими?» — дея аниқлик киритди президент.

«Умуман олганда совқотаётганимиз йўқ».

«Лекин етарли, тўғрими?» — дея сўради президент яна.

«Ҳа», — дея тасдиқлади фуқаро.

«Яъни унчалик совуқ эмас-а?» — дея давлат раҳбари билан қизиқишда давом этди.

Фуқаро аслини олганда оиласи совқотмаётганини такрорлади.

Президент кетаётганида, бу одам биринчи марта президентни кўриб тургани учун ҳаяжонланаётганини тан олди.

«Мени танидинг, тўғрими?» — дея Шавкат Мирзиёев ҳазиллашди.

«Албатта!» — деб жавоб берди одам.

Президент унинг қўлини сиқди, бир-бирларига яхши тилаклар билдиришди.

«Энг муҳими, яхши кайфиятда бўлиш. Бир оз совуқ — ўтади. Сизларда иссиқ бўлиши учун ҳамма чорани кўрамиз», — деб ишонтирди президент.

Бошқа бир видеода Шавкат Мирзиёев туман ҳокимини назарда тутиб: «Сизлар ишламаганларинг учун давлат ёмонга чиқаяпти. Агар яхши ишласангиз, ҳаммаси яхши бўлади»,.- деди.

куз-қиш мавсуми, учтепа тумани, шавкат мирзиёев

Бошқа бир видеода ҳам президент туман ҳокимига юзланади:

«Мен сизларга ишониб кабинетда ўтираман. Мана, қара, музлаб ётибди. Одамлар мана шундан норози — катталар юрган жойни қилади, бу жойларни ҳеч ким қилмайди деб».

«Сизларга ТСЖни компания қилиб бердим, уларнинг пулиям бор, тўғрими? Жуда бўлмаса, ўзингнинг темир дафтарингда пулинг борми? Озгина пул берсанг тоза бўлади», — деди президент.

«Газета.uz» аввалроқ Учтепа туманида президент ташрифига қандай тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида ёзган эди.