26 октябрь, чоршанба куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Учтепа туманига ташриф буюрди. У тумандаги бир неча объектларда бўлиши кутилган эди, бироқ ташриф 22-сон оилавий поликлиникада яратилган шароитларни кўздан кечириш билан чекланди.

Бу каби ташрифлар ҳақида одатда олдиндан эълон қилинмайди. Аммо аҳоли ташриф кутилаётганини тезлаштирилган ва кенг кўламли ободонлаштириш ишлари орқали тахмин қилиши мумкин.

Режалаштирилган ташриф арафасида Учтепа туманида бир неча кун давомида кўча ва ҳовлиларда юзлаб ишчилар ва ўнлаб техника воситалари ишлади. Ноқулай об-ҳаво шароитига қарамай (айрим кунлари ёмғир ёғди), йўллар шошилинч равишда асфальтланди, бордюрлар алмаштирилди, гуллар ва чим ўтқазилди, биноларнинг йўлга қараган томони янгитдан бўяб чиқилди.

24 октябрь куни «Газета.uz» мухбири Шуҳрат Латипов Учтепа туманида бўлиб, ҳудуд қандай қилиб яхши тарафга ўзгарганини кузатди.

Ташрифга тайёргарлик

Душанба куни кучли ёмғир Тошкентда йўллардаги ўнқир-чўнқирлар, кўчалар ва пиёдалар йўлакчаларини тезда сувга тўлдирди. Тахминан шу вақтда Учтепа тумани ҳокимлигидан унча узоқда бўлмаган Фарҳод, Журжоний ва Юсуф Саккокий кўчалари кесишмасида бутун шаҳарда қилинаётгандек — бетон ҳамда қора ва қизил рангли гранит бўлакчалари кўринишида ишланган брусчаткадан қурилган яп-янги пиёдалар йўлакчаси пайдо бўлди.

Тротуарларнинг айрим қисмлари ҳали тайёр бўлмаганлиги боис, пиёдалар лой жойлардан ёки қатнов қисмидан юришга мажбур бўлишди.

Йўл ўртасида Grand Road Tashkent компаниясининг ёмғирпўш кийиб олган бир неча гуруҳ ишчилари йўлни ажратувчи бетон тўсиқни торайтириб, ундаги эски брусчаткани янги қизил ранглисига алмаштиряпти. Йўл ёқасидаги бордюрларнинг сурилиши натижасида йўлнинг ўзи ҳам бироз кенгайган.

Товуқ грили сотиладиган дўкон ходимасининг сўзларига кўра, тротуарни янгилаш ишлари 3−4 кун аввал бошланган.

Фозилтепа ва Катта Хирмонтепа кўчаларининг ҳам бир қисмида яқинда экилган гулларни кўриш мумкин. Ишчилардан бири шаррос ёмғир қуяётган вақтда баланд бетон бордюрни кулранг тусга бўяб чиқаётган эди.

Турар жой биноларининг янгиланган фасадлари ҳам кўзга ташланади. 28-уй олдидаги эски ўсимлик ва гуллардан тозаланган гулзорга янги гуллар ўтқазилган. Баъзилари ерга сочиб ташланган.

Уйдан аравачада ёш боласи билан чиққан аёл «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда гулларни экишда ундан ёрдам сўрашганини маълум қилди.

Аёл билан мулоқот чоғида қўлида гул кўтарганча уйбоши («домком») келиб қолди. У гуллар президент ташрифи арафасидаги тайёргарлик доирасида экилаётганини тасдиқлади. Унинг айтишича, гулларни бир муддат аввал райҳонларни экиб чиқишга кўмаклашган прокуратура ходимлари улашган.

Болали аёл кичик гулларни эка олишини, аммо катталарини эплай олмаслигини айтди. Бунга жавобан уйбоши ундан подъездда ижарада турганлар бўлса, улардан шу ўсимликларни экишда ёрдам сўраб кўрса бўлармикин, деб қизиқди.

Чилонзор массивининг 21- ва 22-мавзеларини ажратиб турувчи ҳамда Фозилтепа ва Катта Хирмонтепа кўчалари оралиғида жойлашган Найман кўчасида кўплаб ишчилар ва техникани кўриш мумкин эди. Уни салкам тўрт кун (1, 2 ва 3) — 21 октябрдан 24 октябргача автотранспортлар ҳаракати учун ёпиб қўйишганди.

Кўча икки томондан машиналар воситасида, хусусан, ички ишлар органлари автомобиллари билан тўсиб қўйилган. Бу ерда янги асфальт ётқизилган, гуллар экилмоқда, янги чим бўлаклар қўйиб чиқилмоқда, суғориш тизими ўрнатилган, болалар майдончаларининг эскилари таъмирланиб, янгилари қурилган.

Уйлардан бирининг ён томонида қайсидир маънода Янгиҳаёт туманидаги «Дўстлик рамзи» муралини ёдга солувчи деворий сурат солинмоқда.

Коммунал хизмат ходими биринчи қаватдаги деразаларни оқ рангга бўяб чиқмоқда. Ишчиларнинг бошқа бир гуруҳи эса асфальтни сувнинг кучли босими билан лойдан тозаламоқда.

22-мавзедаги бир қатор уйлар фасадларининг бўёқлари янгиланган, аммо бу ишлар шошилинчда амалга оширилгани сезилиб турибди. Девор билан бирга соябон (козирёк)лар, дераза ромларининг бир қисми ва ойналар ҳам бўялиб кетган.

Шу мавзеда яшовчи ва икки невараси билан айланиб юрган бир аёл ўзгаришларни ижобий баҳолади, бироқ қилинган ишларнинг камчиликлари ва «бетартиб, аниқ бир тизимсиз» амалга оширилганини кўрсатиб ўтди.

«Мана, бордюрларни яқиндагина ўрнатишган эди. Лекин кейин яна келишди. Эскисини бузишяпти, янгисини бошлашяпти, яъни қилинаётган ишлар бошидан охиригача ўйланмаган. Ишлар худди тугагандек, аммо кейинроқ бирдан қувурлар ўтказишни бошлаб юборишадимией, аввал қилинган ишларнинг барини бузишади, яна бетон кавлаш бошланади. Умуман олганда эса, қилинаётган ишларнинг бари чиройли, албатта», — деди у. Унинг невараси ҳам қўшимча қилиб, атрофда ҳамма нарса чиройли бўлиб кетганини, унга бу ёқаётганини айтди.

Аёл пиёда йўлаклари, автотураргоҳ ва болалар майдончаси қурилиши ҳақида фикр билдирди. «Ҳа, яна одамларнинг чиройли гулзорлари, айвонларини бузиб ташлаб, шунчаки тупроқ билан кўмиб қўйишди, яъни умумий бир манзара ҳосил қилишяпти», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, ҳокимият аҳоли билан маслаҳатлашмаган, уларнинг истак ва хоҳишларини сўрамаган.

Лутфий хиёбонида ҳам чим алмаштираётган, гуллар экаётган ва ўриндиқларни бўяётган ишчиларнинг катта гуруҳини кўриш мумкин. Яшил ҳудуддаги дарахтларнинг пояси турли — оқ, пушти, яшил ва бинафша рангларга бўяб чиқилган. Янги ўриндиқлар ҳам олиб келинган.

Агар Лутфий кўчаси бўйлаб бироз юқорироққа, Ширин кўчаси томон ҳаракатланилса, чим ва гуллар йўқлигини сезиш мумкин.

Лутфий кўчаси бўйидаги Чилонзор массиви 13-мавзеда жойлашган 7-уй. Фото: Татьяна Клюева.

«Учтепаликлар» Telegram-гуруҳида аҳоли томонидан қолдирилган хабарларга кўра, Лутфий, Ширин кўчасидаги биноларнинг фасадларини бўяш ишлари ярим тунда ҳам давом эттирилган. Шунингдек, йўллардаги чизиқлар янгиланган, кўча ёритгичлари созланган, дарахтлар оқланган, гуллар ўтқазилган. Аҳолининг қайд этишича, 22-мавзе «марказ»дек бўлиб қолган, бироқ улар маҳаллий маъмурият бу ердаги ўзгаришларни президентга «бутун туман мана шундай обод қилинган», дея тортиқ қилиши мумкинлигидан хавотир билдирган.

Ўзгаришлар «Боғишамол» парки олдидаги Фозилтепа кўчасидаги 1,2 гектар ерда (шу ер учун бошқа компания билан низолашган) Safia қандолат фабрикаси қурилган ҳудудни ҳам қисман қамраб олган.

Бу ерда ҳам гуллар ўтқазилган, йўл чизиқлари янгиланган, болалар майдончалари таъмирланган. Чилонзор массивининг 15-мавзесидаги 16-уйда — фабрикага қарама-қарши тарафда яшовчи фуқаронинг айтишича, бир ҳафта аввал уларнинг уйи фасади оқланган, шунингдек, подъездлар олдига ўриндиқлар қўйиб чиқилган.

Бу ерда ҳам президент ташрифига тайёргарлик кўрилган. Ишчилар янги очилган Safia қаҳвахонаси олдида брусчаткани лойдан тозалаяпти, шунингдек, эшикларни ювяпти. Айни вақтда сал ўнгроқда бузилиб ётган брусчаткани кўриш мумкин. Катта эҳтимол, уни ҳам янгилаш кўзда тутилган. Қайд этиш жоиз, шу жойда тротуар заводга кириш йўли сабаб узилиб қолган. Тротуар бўйлаб келаётган пиёда олдинга ўтиш учун ё йўлнинг қатнов қисмига чиқиши керак, ёки объект атрофидаги тўсиққа урилиб, сув ва лой тўпланиб қолган кичкина бетон йўлкадан ўтиши лозим.

Фарҳод кўчасида (Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев томонидан таъсис этилган J-United Group`га алоқадор бўлган) Mimar Group ва Grand Road Tashkent компанияларининг номи ёзилган ўнлаб техникалар ҳаракатланиб юрибди.

«Ватанпарвар» маҳалласининг «Ватанпарвар-Дилкушо» уй-жой эгалари ширкати раҳбари Татьяна Клюеванинг айтишича, марказий ҳисобланган Лутфий кўчаси бўйидаги барча уйларнинг фасади янгиланган. Унинг сўзларига кўра, у массивнинг 24-мавзесида жойлашган 55-уйнинг бўялиши учун 15 йилдан бери курашиб келарди — бу иш давлат раҳбарининг бўлажак ташрифи ҳақидаги хабарлар пайдо бўлгач, шу якшанбага ўтар кечасиёқ амалга оширилган.

У Лутфий кўчасининг «Москва» кафесидан «Ватан» кинотеатригача бўлган қисми 22 октябрда қандай ҳолатда бўлганини акс эттирувчи суратлар билан бўлишди. Унинг айтишича, ишчилар йўл бўйидаги бино фасадини бир кечада тўлиқ янгитдан бўяб бўлган, шунингдек, асфальт устига тупроқ ташлаб, унга гуллар тиқиб чиққан, айрим эски кафе ва биноларнинг атрофини эса «кўринишни бузмаслиги учун» оқ брезент билан ўраб ташлаган.

Учтепа тумани ҳокимлиги ахборотларидан келиб чиқиб хулоса қилинса, асосий кўчаларни асфальтлаш ишларига 17 октябрдан фаол киришилган. Шундан бери туман маъмурияти Катта Хирмонтепа, Фарҳод ва бошқа асосий кўчаларнинг ёпилиши ва уларда йўл ишлари олиб борилиши ҳақида 7 марта хабар берган. Таққослаш учун, сентябрда Фарҳод кўчасининг бир қисми таъмирланиши ҳақида фақат битта хабар берилган, бундан аввалги йўл таъмирига оид ахборот эса май ойига тааллуқли.

«Газета.uz» туман ҳокимлиги матбуот хизматига саволларни йўллади, бироқ ҳозирча жавоблар олгани йўқ. Айни вақтда, туман маъмурияти Facebook`даги саҳифасида аҳолининг «президент ташрифи арафасидаги кўзбўямачиликлар» ҳақидаги комментларига жавоб қайтарган.

Хусусан, биз юқорида ёзган Найман кўчасининг ободонлаштирилиши ҳақидаги репортаж остида фойдаланувчиларнинг бир қисми бу ишлар ташриф арафасида қилинаётганини қайд этиб ўтган. Бунга жавобан ҳокимлик «шукр қилишни ўрганиш» зарурлигини уқтириб, «бизда деярли ҳар бир хонадонда иситиш тизими бир маромда ишлаб» турган бир вақтда «иситиш тизими умуман измидан чиққан» Европа мамлакатларинини мисол қилиб келтирган. Туман маъмурияти «энг муҳими, осмонимиз мусаффо эканлигига шукрона келтириш»га чақирган.

Депутат — ташрифга тайёргарлик ҳақида

Халқ депутатлари Учтепа туман кенгаши депутати, жамоатчилик назорати учун очилган бир қатор Telegram гуруҳлар асосчиси ва маъмури Нуриддин Зайниддинов «Газета.uz»га берган интервьюсида таъкидлашича, Тошкентда президент ташрифига ташқи (визуал) тайёргарлик ташрифдан 10−15 кун аввал бошланади, аслида эса инфратузилмалар ва инвестиция лойиҳаларини тайёрлашга бир неча ой ёки йил аввал киришилади.

«Биз буни амалиётда кўрганмиз. Бу ҳолат ташқи томондан аҳолига сезилади. Авваламбор, давлат раҳбари ўтиши мумкин бўлган йўллар маҳаллий маъмурлар томонидан ортиқча деб топилган реклама қурилмалари, енгил конструкциялар, иншоотлардан тозаланади. Шундан сўнг йўллар тартибга келтирилади, зарурат бўлса янгитдан асфальт ётқизилади. Бино ва уйларнинг фасад томонлари бўяб чиқилади ёки қисман баннер билан тўсиб қўйилади. Йўлларнинг икки четига гул ва дарахтлар экиб чиқилади. Албатта, биз кўплаб шундай ҳодисаларга гувоҳи бўлганмиз», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, Учтепа туманидаги ишларга шаҳар ва туман маъмурияти, Ободонлаштириш бошқармаси ва бошқа ташкилотларга тегишли техника ва ходимлар жалб этилган, йирик габаритли техникалар эса Mimar Group, Grand Road Tashkent ва шу каби бошқа хусусий компанияларга тегишли.

«Ўйлашимча, асосий ҳисобланган ва давлат раҳбари ҳаракатланиши мумкин бўлган йўллар таъмирланмоқда. Маҳаллий амалдорлар топ-тоза кўчаларни, уларнинг назарида ободонлаштирилган кўчаларни кўрсатгилари ёки айрим бир тавсияларга мувофиқ тарзда ҳаракат қилгилари келаётгандир, эҳтимол», — деб ҳисоблайди депутат.

Депутатнинг таъкидлашича, бу ишларни бажаришда жамоатчилик ва аҳоли фикри инобатга олинмаган, буни ижтимоий тармоқларда қолдирилаётган фикр ва изоҳлардан ҳам билиш мумкин. «Шунингдек, жамоатчилик ва аҳоли ўрганиши ёки муҳокама қилиши учун бирор бир расмий ахборот ёки ҳужжат эълон қилингани ҳам йўқ», — деди у.

Нуриддин Зайниддинов президент ташрифига тайёргарлик билан боғлиқ харажатлар ва уларнинг молиялаштириш манбалари ҳақидаги саволга жавоб бераркан, бу депутатлар билан келишиладиган «очиқ ахборот эмас»лигини айтиб, у бу саволга жавоб бериш учун ваколатли эмаслигини билдирди.

«Бу масалалар маҳаллий кенгашда муҳокама қилинмаган. Бир нарса дейиш қийин. Бу саволларга жавобларни тегишли ташкилотлардан сўраган маъқул», — деди у.

Президент бир неча бор «кўзбўямачилик»ни тўхтатишни талаб қилган, бироқ бу амалиёт ҳануз давом этмоқда

Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Яшнобод туманида ташкил этилган Уч авлод боғида. 2022 йил, май.

Президентнинг Тошкент шаҳри ёки Ўзбекистон вилоятига деярли ҳар қандай ташрифидан олдин шундай кенг кўламли тайёргарлик кўрилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёевнинг ўзи ҳам гапирган. Хусусан, 2018 йилнинг апрелида у ҳудудлардаги асл вазиятдан жуда яхши хабардорлигини маълум қилганди.

«Албатта, мени ҳеч ким кўрмаслиги учун кўринмас одамдек келиб-кетолмайман. Бир, бир-икки кун аввал қайсидир бир вилоят, қайсидир бир туманга боришимни айтаман. Мен энг „оғир“ туманларни танлайман, ҳар ҳолда шунга ҳаракат қиламан… Қайси деворнинг орқасида нима борлигини, Ўзбекистонда қайси кўча супирилгану, қайси дарахт йиқилиб ётганини мен жуда яхши биламан. Мен юрадиган йўлдаги нарсаларни бўяб қўйганларинг билан одамлар раҳмат демайди… Бизнинг дўстларимиз ҳам кўп, душманларимиз ҳам жуда кўп. Сизлар мана шу ишларинг билан душманларнинг тегирмонига сув қуйяпсизлар. Шуни билинглар, бутун вилоятларнинг раҳбари ҳам, туманларнинг раҳбарлари ҳам», — деганди у.

Президентнинг 2021 йил августида бир неча огоҳлантиришларига қарамай, жойларда унинг ташрифи арафасида кўча ва майдонларни тозалаш, бир кечада бинолар олдида «майсазор» ва «гулзор»лар пайдо қилиш, умуман, «ҳақиқий ҳолатни бўяб кўрсатишдек хўжакўрсин ишлар» давом этаётганини тан олганди.

«Кўзбўямачилик, одамларни қийнаш, сохта ва баландпарвоз гапларга ўчлик йиллар давомида баъзи раҳбарларнинг қон-қонига шу қадар сингиб кетган эканки, улардан қутулиш қийин бўляпти», — деганди президент. Унинг сўзларига кўра, «бу каби иллатларга бутунлай чек қўйишимиз керак».

Давлат раҳбари маҳаллий ҳокимият идораларининг иши президент келиб кетиши билан тугамасдан, аксинча, ташрифдан кейин янгитдан бошланиши, ҳатто олдингидан ҳам кўпайиши лозимлигини айтиб ўтган эди.

«Газета.uz» аввалроқ президент иштирокидаги тадбирларда сўзга чиқувчилар олдиндан тайёрлаб қўйилган таклиф ва саволлар берилгани ҳолда саралаб олиниши ҳақида ёзганди. Шавкат Мирзиёевнинг ўзи эса бундай ҳолатлар ҳақида хабардор эканлигини таъкидлаганди.