Президентнинг «Куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни автобензин маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва уларнинг нархлари кескин ошишининг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Қарор билан 10 декабрдан 2023 йил 1 апрелгача президент ҳузуридаги Тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишмасдан тадбиркорларни уларнинг молиявий-иқтисодий фаолиятига аралашмаган ҳолда энергия ресурсларидан ноқонуний ва самарасиз фойдаланиш ҳолатлари бўйича текширишга рухсат берилди.

Текширувлар натижалари бўйича автобензин маҳсулотларининг ортиқча йўқотишларига ва талон-тарожликларга йўл қўйган мансабдор шахсларга қонунчиликда белгиланган жазо чораларини қўллаш, шунингдек, уларнинг фаолиятига ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдимномалар киритилади.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Шунингдек, 10 декабрдан 2023 йил 1 мартгача импорт қилинадиган, маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган ва тадбиркорлар томонидан якуний истеъмолчиларга сотиладиган АИ-80 автобензин учун, истисно тариқасида, акциз солиғи «ноль» ставкада қўлланилади.