Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассислари март ойидаги ноқулай об-ҳаво шароитининг қишлоқ хўжалигига таъсирига оид дастлабки ўрганиш натижаларини эълон қилди, дея хабар берди вазирлик матбуот хизмати.

Мевали боғларнинг куртак новдалари қисман зарарланган, узумзорлар, эртаки экилган картошка ва сабзавот экинларига совуқ таъсир қилмаган

Март ойида мамлакатга совуқ ва нам ҳаво оқимининг кириб келиши оқибатида ҳароратнинг кескин пасайиши ҳамда ёғингарчилик кўп кузатилди. Совуқ ҳаво ва ёғингарчиликлар айрим ҳудудларда мевали боғларнинг куртак новдаларига қисман салбий таъсир кўрсатган. Мамлакатдаги узумзорлар, эртаки экилган картошка ва сабзавот экинларига эса совуқ таъсир этмаганлиги аниқланди.


Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.

Вилоятлар кесимида олинган маълумотлар таҳлили қуйидагича:

Фарғона водийсида ўрикнинг эртапишар навлари Андижон вилоятида 19 фоиз, Наманганда 10 фоиз ва Фарғонада 18 фоиз, гилоснинг эртапишар навлари Наманганда 2,4 фоиз, бодомнинг эртапишар навлари Андижонда 17 фоиз, Наманганда 19 фоиз ва Фарғонада 23 фоиз;

Жанубий ҳудудларда, хусусан Қашқадарё вилоятида гилоснинг эртапишар навлари 9 фоиз, шафтолининг эртапишар навлари 9 фоиз, олхўрининг эртапишар навлари 15 фоиз, бодомнинг эртапишар навлари 18 фоиз;

Марказий ҳудудларда ўрикнинг эртапишар навлари Бухоро вилоятида 6,7 фоиз, Жиззахда 17 фоиз, Навоийда 19 фоиз, Самарқандда 10 фоиз, Сирдарёда 17 фоиз ва Тошкентда 10 фоиз, гилоснинг эртапишар навлари Навоийда 6,5 фоиз ва Тошкентда 2,4 фоиз, шафтолининг эртапишар навлари Навоийда 8 фоиз ва Самарқандда 5 фоиз, олхўрининг эртапишар навлари Сирдарёда 3 фоиз ҳосилли майдонга нисбатан зарарланганлиги аниқланди.

Шимолий ҳудудлар Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Републикасида ушбу мевали дарахтлар зарарланмаган.

Илмий манбаларга кўра, дарахтларнинг совуққа чидамлилик даражаси мева тури ва навининг биологик хусусиятига боғлиқ. Шу сабабли, мевали боғларнинг турлари ва навларига қараб, апрель-май ойида дарахтларнинг ҳосил тугиш (ғўралаш) фазасида кутилаётган ялпи ҳосилдорлик бўйича апробация ўтказилади ва ҳосил етиштириш ҳажмлари белгилаб олинади.

Бугунги кунда аграр соҳа олимлари томонидан эрта гуллаб пишадиган ва совуққа чидамли навларни яратишда илмий ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Туну-кун фаолият юритган Республика штаби

Баҳор ойларида мамлакат ҳудудига кириб келган совуқ ҳаво ҳарорати таъсиридан қишлоқ хўжалиги экинлари, мевали боғлар ва узумзорларни асраш мақсадида қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев бошчилигида туну-кун ишлайдиган Республика штаби ҳамда ҳудудий штаблар ташкил қилиниб, ишонч телефонлари ва Telegram каналлар орқали узвий алоқа йўлга қўйилди. Соҳа олимлари ва мутахассислари томонидан қишлоқ хўжалиги экинларини нам ва совуқ ҳаво ҳарорати таъсиридан асраш бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқилиб, жойларга етказилди.

Шунингдек, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий маркази тизимдаги илмий муассасалардан жами 67 нафар олим ва мутахассис бириктирилди.

Ишчи гуруҳлар серёғин, мураккаб об-ҳаво шароитида ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитини инобатга олиб, баҳорги дала ишларини ва ғалла майдонларида агротехник тадбирларни ўтказиш, қишлоқ хўжалиги экинларини нам ва совуқ ҳаво ҳарорати таъсиридан асраш бўйича туманлар ҳудудларида фермер ва деҳқон хўжаликлари иштирокида кўргазмали семинарлар ташкил этди.


Жорий йил март ойининг 3 декадасида Республикада мавжуд 338 минг гектар (248 минг га фермер хўжаликларида, 90 минг га аҳоли томорқасида) мевали боғларнинг (ўрик, шафтоли, бодом, олча) 77 минг гектари (22%) гуллаган ҳамда 182 минг гектар узумзорларнинг (130 минг га фермер хўжаликларида, 52 минг га аҳолида) 42 минг гектари (23%) тупроқдан очилиб, куртаклаган эди.

Ушбу боғ ва узумзорларни совуқдан асраш мақсадида ҳудудларда ҳаво ҳарорати +2 даража иссиқдан паст бўлган жойларда 17 мартдан 23 мартга қадар 74,4 минг гектар мевали боғ ва узумзорларга сув қўйилди, 117,4 минг гектарида хашак, похол, шох-шаббалардан тайёрланган уюмлар тўпланиб тутатилди. Бундан ташқари, 8 404 гектар боғларда гуллаш фазасини кечиктириш учун махсус препаратлар билан ишлов берилди.

Эртаки сабзавот ва картошка майдонларида илиқ ҳароратни ушлаб туриш учун 22 мартдан 23 мартга ўтар кечаси 2,1 минг гектар майдонга сув қўйилди, шох-шабба уюмлари тўпланиб тутатилди.

Шунингдек, 20,7 минг гектар қишлоқ хўжалиги экинлари енгил суғорилди, 5,4 минг гектар майдонга плёнка ёпилди, 16,1 минг гектар дала четларида хашак уюмлари тутатилди.