Сурхондарё вилояти Бойсун давлат ўрмон хўжалигида 51 туп дарахт ноқонуний кесиб кетилгани аниқланди, дея хабар бермоқда вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси матбуот хизмати.

Миллий гвардия ходимлари билан олиб борилган тезкор рейд тадбирлари давомида Мачай ўрмон бўлими ходимларининг хизмат ваколатига «совуққонлик билан ёндашиши, юклатилган масъулиятни суистеъмол қилиши» оқибатида ўрмон бўлимининг 5-айланма 17-кварталидаги «Етимтол» ва «Алмали» массивларида жами 51 туп «Зарафшон» арчаси, шумтол, учқад, заранг дарахтлари таг қисми билан кесиб ташланган.

Бу билан «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунинг 37-моддаси (Дарахтлар ва буталарни кесиш) талаблари бузилиб, ўсимлик дунёсига 560 550 000 сўм миқдордаги зарар етказилган.

Ушбу ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратурага юборилган.