Публицист ва блогер Шокир Шарипов Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов истеъфосини талаб қилиб, 22 ноябрь куни пойтахтдаги Гагарин ҳайкали олдида бир кишилик пикет уюштирганди. У Қўқон шаҳар ИИБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида 15 ёшли боланинг уриб ўлдирилиши сабаб пикет ўтказишга қарор қилганди.

1 декабрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов ИИВ раҳбари Пўлат Бобожонов унинг истеъфосини талаб қилиб ўтказилган пикетдан хабардор эканлигини таъкидлади. Унинг айтишича, вазирга пикет ўтказилгани ҳақида «аниқ ахборот» берилгач, у блогер билан гаплашиб, қандай муаммоси борлигини аниқлашни буюрган.

«Кейин Авазбек (Тоҳиров, Би-би-си Ўзбек хизмати мухбири — таҳр.) билан боғландик. Журналистни аниқ қандай саволлари бўлса, шунга жавоб берайлик, учрашайлик, дедик. Чунки у [Шокир Шарипов] берган интервьюда аниқ бир масала кўрсатилмаган. Фақат [вазирлик ахборот хизмати] ҳақида гапирилган. Мен хайрон бўлдим, бу одамни илгари танимас эканмиз. У Kun.uz колумнисти экан, буни менга Авазбек айтди. Авазбекка блогер биз билан боғланишини таъкидладим, у эса боғлаб беришини айтди. Лекин шу пайтгача [Шокир Шарипов] боғланмади, гаплашмади, аниқ савол ҳам қўймади», — деди Ғиёсов.

«Қалбингизда изтироб йўқ»

ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов иштирокидаги матбуот анжуманининг эртасига, 2 декабрь куни Шокир Шарипов Facebook’даги саҳифаси орқали ИИВ раҳбариятига видеомурожаат йўллади.

«Ички ишлар вазирлиги [матбуот котиби] Шокир Шариповга саволлар беришни таклиф қилдик, аммо у алоқага чиқмади, дейилибди. Менга ҳеч ким алоқага чиққани йўқ, савол беришни ҳам таклиф қилгани йўқ. Бу яхши эмас, Шоҳрух Ғиёсов, ёш болаларга яхши ўрнак бўлмаяпсиз», — деб бошлаган у мурожаатини.

Блогер мурожаати давомида ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга бир неча саволлар билан йўллаган.

«15 ёшли бола ички ишлар идорасида уриб ўлдирилганини эшитгандан кейин изтиробга тушдингизми-йўқми? Ўша онанинг ўрнига ўзингизни қўйиб кўрдингизми-йўқми? Хаёлан ўз фарзандингизни қабрга қўйиб кўришга уриндингизми-йўқми? Бизда хулоса шундайки, сиз уриниб кўрганингиз йўқ. Чунки оммага чиқиб, ўз таассуфингизни, изтиробингизни билдирганингиз йўқ. Бу — муҳим. Чунки айнан изтироб ҳисси пайдо бўлганидан кейин ниманидир ўзгартириш керак, ислоҳот керак, деган ҳис пайдо бўлади. Шундан кейин ислоҳот бошланади», — деди Шокир Шарипов.

Шариповнинг таъкидлашича, ислоҳот дегани, бу — велосипедни қайтадан ихтиро қилиш эмас.

«Кўп давлатлар ўз полицияси, ички ишлар тизимини ислоҳ қилган. Фақатгина ўша мамлакатлардан мутахассисларни [Ўзбекистонга] чақириб, ходимларни „қонун устувор“, деган руҳда тарбиялаш керак. Шу, холос. Ходимларнинг қонун биринчи ўринда, деган тушунчаси қалбига сингиши керак. Мана шу ислоҳот. Ҳозир нима бўляпти? Ички ишлар ходимлари иккита тадбиркорлик субъектининг орасига киряпти. Ички ишлар ходимлари қонунларга эмас, баъзи гуруҳ ва шахсларга хизмат қилаётгани бот-бот учраяпти. Кимнингдир топшириғи билан фермернинг пахтасини тортиб олиб, кластерга олиб бориб беряпти. Ички ишлар ходими қандайдир ноқонуний буйруқ, топшириқ келдими, буни рад этадиган бўлиши керак. Ана шу тўғри ислоҳот бўлади», — дейди жамоатчилик фаоли.

Унинг сўзларига кўра, ички ишлар ходимларининг шахслар ва гуруҳларга хизмат қилиши ўта катта хавфдир.

«Ички ишлар тузилмаси халқ таъсис этган ўта муҳим институт. Шу билан бирга, ўта хавфли институт. Қачон хавфли? Бу тузилма қонунга эмас, шахслар ва гуруҳларга хизмат қиладиган бўлса, ана ўшанда хавф пайдо бўлади. Нега? Сабаби бу тузилмага маъмурий имкониятлар, маъмурий воситалар берилган. Керак бўлса қурол, қамоқхоналар берилган. Ана шунинг учун хавф. Ички ишлар тузилмасининг ҳар бир ходими ўзи учун қонунни устувор қилиб олса, ана ўшанда хавф йўқ [бўлади]. Лекин шахслар ва гуруҳларга хизмат қилиши, бу — ўта катта хавф. Бу — бутун мамлакатни хавф остига қўядиган омил. Ислоҳот дегани мана шу: ҳар бир ходим, керак бўлса, президент ноқонуний топшириқ берганида, „мен буни бажармайман“, дейдиган бўлиши керак. Ҳолбуки, ҳозир ҳар қандай ҳоким буйруқ берса, ўшани бажаряпти, кластерларнинг хизматини қилишяпти», — дейди у.

Блогер ИИВ раҳбаридан лавозим курсисини бўшатиб қўйиши, унинг ўрнига «қалбига изтироб кирадиган одам» ўтириши кераклигини таъкидлаган.

«Мана менинг асосий саволларим: ички ишлар вазири изтиробга тушдингизми? Изтиробга тушмаган бўлсангиз, ислоҳот бўлмайди, сиз бу [лавозимда] ўтирмаслигингиз керак. Бошқага бўшатиб қўйинг. Бу ерда (ИИВ раҳбари лавозимида — таҳр.) қалбига изтироб кирадиган одам ўтириши керак. Ўша онани (15 ёшли боланинг онаси назарда тутиляпти — таҳр.) хаёлан ичига кириб, ҳиссини ҳис қиладиган одам бўлиши керак. Охирги йилларда ички ишлар тизими идорларидан қанча ўлик чиқди? Бирортасидан кейин [омма олдига] чиқиб, изтиробдаман, деб гапирдингизми? Чиққанингиз йўқ. Чунки изтироб қалбингизда йўқ. Изтироб қалбда бўлса, юзга чиқади. Юзга чиқара олмаганингиз учун чиқмайсиз ҳам», — дея видео чиқишини якунлаган Шокир Шарипов.