Публицист ва блогер Шокир Шарипов Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов истеъфосини талаб қилиб, 22 ноябрь куни пойтахтдаги Гагарин ҳайкали олдида бир кишилик пикет уюштирганди. У Қўқон шаҳар ИИБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида 15 ёшли боланинг уриб ўлдирилиши сабаб пикет ўтказишга қарор қилганини айтганди. Унинг бу чиқиши ўнлаб маҳаллий ва хорижий ОАВда ёритилиб, ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлганди.

1 декабрь куни АОКАда ИИВ масъуллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида «Газета.uz» мухбири блогер Шокир Шариповнинг ўтказган пикетидан вазир Пўлат Бобожоновнинг қанчалик хабардорлиги ҳақида сўради.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов ИИВ вазири Пўлат Бобожонов унинг истеъфосини талаб қилиб, ўтказилган пикетдан хабардор эканлигини таъкидлади.

«Вазиримизнинг ўзлари ҳам ижтимоий тармоқларни доимий равишда кузатиб боради. Биз вазиримизга бу бўйича [пикет ўтказилгани ҳақида] аниқ ахборот бердик. „Бу одам [блогер Шокир Шарипов] билан гаплаш, нима муаммоси бор?“, деб аниқ топшириқ берди. Кейин Авазбек [BBC ўзбек хизмати мухбири] билан боғландик. Журналистни аниқ қандай саволлари бўлса, шунга жавоб берайлик, учрашайлик, дедик. Чунки у [Шокир Шарипов] берган интервьюсида аниқ бир масала кўрсатилмаган. Фақатгина матбуот [вазирлик ахборот хизмати] ҳақида гапирилган. Мен хайрон бўлдим, бу одамни илгари танимас эканмиз. У Kun.uz`ни колумнисти экан. Буни менга Авазбек айтди. Авазбекка блогер биз билан боғланишини таъкидладим. У эса боғлаб беришини айтди. Лекин шу пайтгача бу одам [Шокир Шарипов] боғланмади, гаплашмади, аниқ савол ҳам қўймади», — деди Ғиёсов.

Шунингдек, «Газета.uz» мухбири ИИВ раҳбари нима учун оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказмаслигига ҳам изоҳ сўради.

«Вазиримиз йилда икки марта Сенатда жамоатчилик олдида ҳисобот беради. Бу нарса доимий равишда ёритиб борилади. Бундан ташқари, вазиримиз вилоятларга борганида у ердаги ОАВ вакиллари саволларига ҳам жавоб беради, улар ҳам таклиф этилади. Балки бизнинг айбимиз буни ёритиб бера олмаётганимиздир. Мен сизни тушундим, таклифларингизни етказамиз», — деди ИИВ матбуот котиби.

Эслатиб ўтамиз, Шокир Шарипов ИИВ тизимида давом этаётган муаммолар туфайли Ички ишлар вазири истеъфосини талаб қилиб, пикет уюштирганидан бир ҳафта ўтгач, вазирлик матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов ҳар пайшанба куни АОКАда очиқ мулоқотни таъминлаш учун матбуот анжумани ўтказилишини маълум қилганди.