Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Баҳром Аълоев Украинанинг Фавқулодда ва мухтор элчиси Николай Дорошенкони қабул қилди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Учрашувда турли соҳалардаги Ўзбекистон — Украина ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

«Савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, шу жумладан икки мамлакат бизнес субъектларига ўзаро аснода имтиёз ва преференциялар бериш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Марказий Осиёлик журналистларга берган интервьюсида унинг мамлакати ҳозирги шароитда ҳам Ўзбекистон билан муносабатларни имкон қадар ривожлантиришга тайёр эканини айтганди.

«Уруш ўз йўлига, аммо ҳаёт тўхтаб қолгани йўқ ва биз олдинга интилишимиз, биргаликда нима қилишимиз мумкинлигини излашимиз керак», — деганди у ўшанда.

«Биз [барча келишувлар] кучда қолиши ва ривожланиши, янги шартномалар тузиб, уларни амалга ошириш тарафдоримиз. Биз ўзбек бизнеси билан жуда яхши алоқадамиз, Ўзбекистон ҳукумати билан мулоқот бор», — деганди Дмитрий Кулеба.

Уруш бошланишидан бир йил аввал — 2021 йилнинг май ойида Ўзбекистон ва Украина ўртасида ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши ва қўшма бизнес-форум бўлиб ўтганди. Ишбилармонлар кенгашининг ўзбекистонлик ҳамраиси «Корзинка» супермаркетлар тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимов ҳисобланади.