28 ноябрь, ҳафтанинг душанба куни, соат 9:25. Бухоро вилояти суди биносида Нукус воқеаларида қатнашганликда айбланаётган 22 кишига нисбатан суд муҳокамалари бошланиш арафасида.

22 киши, шу жумладан, Д. Тажимуратов, Л. Каллиханова, А. Турдановлар айбланувчи ҳисобланади. Айблов 11 та модда — безориликдан тортиб, конституциявий тузумга тажовуз қилиш доирасида эълон қилинди.

«Газета.uz» мухбирининг хабар беришича, суд залига томонлар кетма-кет кириб келмоқда. Гумондорларнинг 20 нафари ҳибсхоналардан, яна 2 нафари уйдан келиб, судда қатнашади.

Суд биноси жойлашган ҳудудда ҳар томонлама хавфсизлик чоралари кўрилган. Шу жумладан, суд зали ва уни онлайн томоша қилиш учун ҳозирланган матбуот марказига кирувчилар дезинфекция қилиниб, уларга ниқоблар тарқатилмоқда.

Ҳозирча суд залига айбланувчиларнинг айрим адвокатлари, прокуратура вакиллари етиб келди. Биринчи инстанцияда кўрилаётган ушбу суд жараёнига Қорақалпоғистон Республикаси судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Елубай Абибуллаев раислик қилади.