Ўзбекистон Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, «Навоийуран» давлат корхонаси ҳамда Франциянинг Orano Mining компанияси ўртасида уран қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича уч томонлама шартнома имзоланди. Ҳужжат Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 21−22 ноябрь кунлари Парижга ташрифи доирасида имзоланди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Инвестицион битим алмашиш маросимида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев ва Orano компанияси бош директори Николас Мейс иштирок этди.

2019 йил декабрь ойидан бошлаб Навоий вилоятида Франция ядро саноати етакчиси Orano (51%) ва Ўзбекистон Давлат геология қўмитаси (49%) томонидан ташкил этилган Nurlikum Mining қўшма корхонаси Навоий вилоятида уран қидириш ва қазиб олиш ишларини олиб бормоқда. Корхонанинг ресурс базасига «қумтош» типидаги ураннинг учта истиқболли ҳудуди — Шимолий ва Жанубий Жангелди ва Янгиқудуқ киради.

Янги келишув ҳозирда Nurlikum Mining томонидан бошқарилаётган «Женгелди» лойиҳасидан ташқари Ўзбекистонда янги уран конларини ўзлаштириш бўйича «эксклюзив стратегик иттифоқ»қа асос солади. Бу Orano ва унинг Ўзбекистондаги ҳамкорлари ўртасида ўрнатилган ишончни акс эттирувчи ҳамкорликнинг сезиларли даражада кенгайишидир, дея маълум қилди француз компанияси.

Ҳужжатда бир қатор қўшма ташаббусларни амалга ошириш, жумладан, «Женгелди» лойиҳасини ривожлантириш бўйича «йўл харитаси»ни белгилаш, янги қўшма геология-қидирув лойиҳаларини ишга тушириш, шунингдек, «Навоийуран»ни модернизация ва трансформация қилиш жараёнида қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган. Бундан ташқари, Ўзбекистонга «ядро ёқилғиси қиймати занжири»да Франция саноат моделига эътибор қаратиш имконини берувчи айирбошлаш механизми ишга туширилиши кутилмоқда.

Orano раҳбари Николас Мейс «Газета.uz»га берган интервьюсида келишув «бир неча юз млн евро» (дастлабки босқичда — 50 млн евро) миқдоридаги сармоялар билан беш йиллик ривожланиш дастурини кўзда тутишини маълум қилди. «Ҳақиқий рақамлар ҳамкорларимиз билан муҳокама қилинади. Бу нафақат компанияларимиз, балки мамлакатларимиз учун ҳам ўта стратегик дастур», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, томонлар, шунингдек, Ўзбекистонда уранни конверция қилиш (уран сақловчи материалларни — асосан уран оксидларини уран гексафторидига айлантириш бўйича кимёвий-технологик жараён) бўйича музокаралар бошланғич босқичда.

Бош вазир маслаҳатчиси, Давлат геология қўмитаси раиси Бобир Исломовнинг маълум қилишича, ҳозирда Orano компанияси «қазиб олиш технологиясини белгилаб олиш» мақсадида янги майдонларда қидирув ишларини якунлаб, тажриба-синов ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқда.

«2024 йилга келиб улар уран оксидининг биринчи маҳсулотларини оладилар. Иккинчи босқич — дарҳол [ураннинг] қўшилган қийматини шакллантириш стратегияси ва концепциясини ишлаб чиқишдан иборат. Бунга параллел равишда қўшимча қийматни шакллантириш нуқталарини аниқлаш бўйича техник аудитни йўлга қўймоқдамиз», — деди у.

«Газета.uz»нинг аниқлашича, қайта ишлаш корхоналари қурилишини бошлаш 2024 йилнинг мартига мўлжалланган.

2021 йил якунлари бўйича Ўзбекистонда 3526 тонна уран қазиб олинди. 2022−2030 йилларда ишлаб чиқаришни икки баробарга ошириш, 7100 тоннага етказиш режалаштирилган.

Навоий кон-металлургия комбинати (НКМК) яқин-яқингача уран қазиб олиш, бойитиш ва экспорт қилиш бўйича мутлақ ҳуқуққа эга эди. 2019 йил январь ойидан НКМКни қайта ташкил этиш бошланди ва унинг негизида алоҳида давлат активлари ташкил этилди. «Навоийуран» 2022 йилдан бери уран қазиб олади.