23 ноябрь куни Париждаги Лувр музейида «Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида» кўргазмаси очилди. Кўргазма очилишидан аввал унга Ўзбекистон ва Франция президентлари Шавкат Мирзиёев ҳамда Эммануэл Макрон ташриф буюрди. Кўргазмага илк ташриф буюрган журналистлар орасида «Газета.uz» мухбири ҳам бор эди.

Ҳар йили 10 миллион сайёҳни жалб қиладиган дунёдаги энг йирик санъат музейларидан биридаги намойиш 2023 йилнинг 6 мартигача давом этади. Кўргазма бугунги Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудидан ўтган Буюк Ипак йўли тарихи ҳақида ҳикоя қилади.

Экспозицияда монументал ва дастгоҳ санъати объектлари, девор расмлари, саройларнинг ўймакорлик деталлари, санъат ва ҳунармандчилик буюмлари намойиш этилмоқда. Сайёҳлар эрамиздан аввалги V-VI асрлардан темурийлар эпохасигача бўлган даврни қамраб олган жами 138 та нодир буюмни томоша қилишлари мумкин. Улар музейнинг Ришелье зали ва ислом бўлимида жойлашган.

Ўзбекистон ва Франция мутахассислари томонидан 70 та буюм кўргазма учун махсус реставрация қилинди. Реставрация ишлари бир неча йилдан бери давом этди.

Кўргазма объектлари бешта бўлимда жойлаштирилган.

Далварзинтепа ва Холчаён зали

Ушбу бўлимда Кушон империяси давридаги лойдан ясалган ҳайкаллар, будда ҳайкаллари, Далверзинтепа ва Холчаён хазиналари тақдим этилган.

Ўзбекистон жанубидаги Далверзинтепа Шимолий Бақтриянинг йирик шаҳарларидан бири эди. Археологик қазишмалар натижасида бу ерда бир қанча тарихий-маданий қатламлар аниқланган. Улар: юнон-бақтрия (милоддан аввалги III-II асрлар), Юэчжи-кушон ёки илк кушон (милоддан аввалги II-I асрлар), Буюк Кушон (милодий I асрнинг иккинчи ярми-II аср), сўнгги кушон ёки кушон-сосонийлар (III-IV асрлар) ва эфталийлар (V асрлар) ва Чағонхудот (эрамизнинг VI-VII асрлари) даврлари.

Бу ерда 1967 йилдан 1974 йилгача қазиш ишлари олиб борилган. Кўргазмада Бодхисаттва, Далварзин хазинаси, кушон шаҳзодасининг боши, маржон тақилган Будда ва Девата бошлари, тахтда ўтирган ҳукмдор, совутли кушон шаҳзодаси, Ақчахан қалъадаги девор расмлари ва бошқаларни кўриш мумкин.

Бодхисаттва (эрамизнинг II-III асрлари). Далварзинтепадаги буддавийлар ибодатхонасидан топилган. Буддизмдаги Бодхисаттва тасвири бодхичиттага эга бўлган ва барча мавжудотлар манфаати учун Будда бўлишга қарор қилган мавжудотни (ёки шахсни) англатади. Санскрит тилида бу сўзма-сўз «уйғонишга интилаётган мавжудот» деган маънони англатади. У 2022 йилда Лувр реставраторлари томонидан қайта тикланган.

Деват боши ва кушон шаҳзодасининг боши.

Кушон шаҳзодасининг боши (милодий I-II асрлар). 1973 йилда Далверзинтепа яқинида олиб борилган қазишмаларда топилган. Осилиб турувчи тилла безаклар билан зийнатланган конуссимон қиррали бош кийим унинг мақомидан сўзлайди. Буюм Сурхон водийсида ҳукмронлик қилган ҳамда қароргоҳи Далверзинтепада бўлган кушонлар оиласининг элитасини ифодаловчи буддавийлар зиёратгоҳининг «Подшоҳлар зали»даги ҳайкалтарошлик композициялари қаторидан жой олган.

Далверзин хазинаси (милодий I аср) 1972 йилда топилган. Оғирлиги 35 кг. У 115 та олтин буюмлардан ташкил топган. Жумладан, улар орасида қимматбаҳо тошлар (фируза, алмандин) билан безатилган маржонлар, Гераклнинг боши тасвирланган гемма-инталияли пектораль (кўкракка тақиладиган тақинчоқ), қалин учли билагузуклар, ингичка симли сирғалар, қулоғи қайрилган маҳлуқ тасвирланган тўқа (ўйма ёзувли металл пластинка), кхароштх (қадимги ҳинд ёзуви турларидан бири) ёзуви туширилган узун тўғри бурчакли қуймалар, кўплаб овал ва нотекис шаклли қуймалар ўрин олган.

Кўргазмада Далварзин хазинасидан 34 та буюм намойиш этилган.

Холчаён Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти Денов тумани ҳудудида эрамиздан аввалги икки минг йиллик ўрталаридан эрамизнинг III асригача мавжуд бўлган қадимий шаҳар. Ушбу ҳудудда 1959 йилдан 1963 йилгача археологик қазишмалар олиб борилган.

Тахтдаги ҳукмдор (милоддан аввалги I аср — милодий I аср). Ҳайкал қироллик элитаси вакили бўлган марказий композицияга тегишли бўлган. Антропологик юз тури, махсус бош кийими, ҳашамдор либоси ва туриши уни Герай сулоласи вакили, эҳтимол Герайнинг ўзи (Кушон империясининг асосчиси) билан яқинлаштиради, дея таъкидлайди кўргазма кураторлар.

Совутли қуролланган шаҳзода ҳайкали (милоддан аввалги I аср — милодий I аср). Ҳайкалда Герай уруғига хос юз хусусиятларига эга, келишган, чиройли йигит тасвирланган. Таърифдан маълум бўлишича, ташқи кўринишнинг нафислиги, зодагонлар наслидан эканлиги, тиниқ ақлни, туғма буюкликни акс эттирувчи қора кўзларнинг ифодалаганлиги ҳукмрон оила аъзоларидан бирининг портрети, эҳтимол тахт вориси.

Қизил Варахша зали

Варахша сарой биносининг қизил зали, милодий VII аср, 1953 йилда Бухоро вилоятининг Варахша қишлоғидан топилган. Залнинг умумий ўлчами 12×8,5 м бўлиб, унинг деворларида шарқий, жанубий ва ғарбий полихром девор расмлари сақланиб қолган.

Омон қолган бу учта деворнинг ҳаммаси бўйлаб суфа (деворнинг бутун узунлиги бўйлаб чиқиб турадиган тош тўсиқ ёки тош курси) ўрнатилган. Ранг-тасвир намунаси парчалари деворларнинг пастки қисмида курсичалардан 2 м гача баландликда сақланиб қолган. Пастки панелдаги композиция узлуксиз тасмадан иборат бўлиб, унда охра (сарғиш)-қизил фонда филлар гуруҳлари, филлар устида ўтирган одамлар ва уларга ҳужум қилаётган йиртқич ҳайвонлар тасвирланган. У 2022 йилда Лувр реставратори томонидан қайта тикланган.

Кофир-қалъа қўрғонидан ўйилган-куйган панно (эрамизнинг VII-VIII асрлари). Кофир-қалъа қўрғони (Самарқанд вилояти)ни қазиш жараёнида бой суратлар ва ёғоч деталлар билан безатилган парад-монументал мажмуаси аниқланди. Қалъа, тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, 712−738 йилларда араблар томонидан босиб олинган вақтда кучли ёнғин натижасида вайрон бўлган.

2017 йилда япон-ўзбек экспедицияси кўринишидан кичикроқ тахт турадиган зал бўлган бир бинони кўздан кечирар экан, ўйилган ёғочдан ясалган безакнинг куйган катта қисмларини топишди. Панно қазиш пайтида ёмон ҳолатда эди, лекин Лувр реставратори томонидан 2019 йилдан 2022 йилгача қайта тикланган ва ҳозирда барқарор ҳолатда.

Кўргазма кураторларининг таъкидлашича, ёғоч панно Сўғд санъатининг ноёб дурдона асари ҳисобланади. Олд томонидаги тахталарда 46 та одам фигурасидан иборат композиция тўрт ярусда ўйилган. Композициянинг асосий сюжети оммавий илоҳга сиғиниш маросимини акс этади. Иккита юқори ярус марказида ётган шер қиёфасидаги тахтда ўтирган маъбуда Нананинг катта сиймоси жойлашган.

«Эҳтимол, бу бугунги кўргазманинг энг муҳим экспонати бўлса керак, чунки у илгари ҳеч қачон намойиш қилинмаган ва биз уни кашф қилганимизда унчалик яхши ҳолатда бўлмаган. Француз мутахассислари билан биргаликда уч йил давомида уни босқичма-босқич тиклашди. Бугунги кондицияларга келтириш учун қайта тиклашнинг тахминан олти босқичи керак бўлди. «Кофир-Қалъа»да биз одамларнинг кўриниши, либослари, соч турмаклари хилма-хиллигини кўрамиз… Ўйлайманки, бу кўргазмадан сўнг жуда фаол изланишлар бошланади, чунки биз экспонатни тиклашга муваффақ бўлдик, аммо кўп изланишлар олиб борилгани йўқ», — деди Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ижрочи директори Гаянэ Умерова.

Катта Лангар Қуръони (VIII аср). Қўлёзма араб ёзувининг энг қадимги турларидан бири — куфий ва ҳижозий ёзувларида пергаментга ёзилган. Ўртача варақ ҳажми 53×35 см. Қуръон узоқ вақт Қашқадарё вилояти Қамаши тумани Лангар ота масжидида сақланган, Катталангар Қуръони номи шу ердан келиб чиққан.

Қуръон 2019 йилдан 2021 йилгача Лувр реставраторлари томонидан реставрация қилинган. Тавсифдан кўриниб турибдики, тиклашдан олдин саҳифалар жуда қуруқ бўлган. Варақлари тўлқинсимон бўлиб қолган, устига жуда кўп чанг тўпланган. Реставраторлар консервация жараёнини ҳар бир саҳифани тозалашдан бошлашди. Китоб жиддий деформация туфайли ёмон аҳволда бўлган. Қуръоннинг умумий саҳифалари сони 208 тани ташкил этган. Ўзбекистонда 17 саҳифа мавжуд. Кўргазмага 2 вароғи қўйилган. Уларга Моида (106−120-оятлар) ва Анъом (1−32-оятлар) суралари ўрин олган.

Ёвузлик худоси ҳисобланган Дакшитнинг бош суяги ўсиб чиққан боши (эрамизнинг VII асри) Қадимги Қувада (Фарғона водийси) VII асрга оид буддавийлар ибодатхонасини қазиш жараёнида топилган пишмаган лойдан ясалган ҳайкал.

Дакшит — буддизмнинг «қонун ҳимоячиси», «эътиқод қўриқчиси» билан жанг қиладиган иблис. Унинг буддавийларнинг муқаддас анъаналарида пайдо бўлиши «Буддавий эътиқоди таъқиблари туфайли руҳий ёрдам умидида осмоннинг даҳшатли жангчиларига мурожаат қилиш керак бўлган» кейинги даврлари билан боғлиқ.

Фаёзтепадан топилган Будда ва роҳиблар

Фаёзтепадан топилган Будда ва роҳиблар ҳайкали (эрамизнинг I-II асрлари). У 1968 йилда ўзбекистонлик археолог Лазар Албаум томонидан Термиздаги Фаёзтепа мажмуасида, эски Термизнинг шимоли-ғарбий харобалари яқинида аниқланган.

Будда шохлари нимбни ифода этадиган муқаддас бодхи дарахти остида ўтирган ҳолда тасвирланган, унинг ён томонларида иккита роҳибнинг шакллари жойлашган. Бутун композиция коринф услубидаги капителли (устун қоши-устуннинг шипга туташган юқори қисми — тарж.) устунларга таянган ярим ойсимон аркага жойлаштирилган. Будда фикрлаётган, боши бир оз олдинга эгик ҳолатда тасвирланган бўлиб, юзида таркидунёчилик акс этган. Будданинг танасига сангхати ёпинчиғи ўралган. Икки томонида эса икки роҳиб тик турган ҳолда илоҳ олдида қўлларини уйғун ҳолатда кўтариб турибди. Ҳар икки роҳибнинг ҳам қўллари синган.

Афросиёб қўрғонидаги «Элчилар зали»

Афросиёб қўрғонидаги (милодий VII аср ўрталари — VIII аср бошлари) «Элчилар зали». 1965 йилда Самарқанднинг Афросиёб манзилгоҳида археологлар араблардан олдинги даврга оид деворий суратлар туширилган сарой мажмуасини топдилар.

Деворий суратлар 11×11 м ўлчамдаги катта квадрат залнинг тўртта деворини ҳам безатиб турган ва 2,5−2,7 м баландликда сақланиб қолган. Лувр музейининг марказий залида тақдим этилган деворий суратлар зодагонлар уйидаги қабул залини безаб турган. Бу жой қўрғон шимолида, истеҳком биқинида жойлашиши керак бўлган қиролнинг саройи бўлиши ҳам мумкин. Эҳтимол, у VII асрнинг учинчи чорагида ҳукмронлик қилган шоҳ Вархуман оиласининг қароргоҳидир.

Кўргазмада ранглар ёрқинлигини яхшироқ сақлаган жанубий девор расми тақдим этилган. Хитой йилномаларига кўра, ҳар йили Наврўзда (зардуштийларнинг янги йили) сўғд ҳукмдорлари пойтахтнинг шарқий томонида жойлашган (шарқ ва жануб — зардуштийларда жаннатга йўл) жойлашган ота-оналари мақбараси томон юриб боришган, маросим якунида эса ҳайвон қурбонлик қилинган.

Композициянинг марказий қисми ушбу интерпретацияни тасдиқлайди. Юзлари ниқобланган икки персонажни кўриш мумкин — уларни бугунги кунда ҳам зардуштийлик руҳонийлари нафаслари билан муқаддас оловни булғамаслик учун тақиб юришади. Унда руҳонийлар эмас (эркаклар дунёвий либосларда ва қуролланган), балки қурбонлик ҳайвонларига ҳамроҳ бўлишни шараф деб билган зодагонлар вакиллари тасвирланган.

Таърифга кўра, эгарланган от дафн маросимида ишлатилган ва, эҳтимол, қуёш худоси ҳамда ўликлар судьяси Митра учун мўлжалланган. Ғозларга келсак, улар сўғдликлар абадий замон худоси Брахма билан тенглаштирган, тўртта қиёфаси эга бўлган ҳамда ёввойи ғозларга ҳам тимсоллаштирилган Зурван учун мўлжалланган бўлиши мумкин.

Фанлар академияси Санъатшунослик институти директори Шокиржон Пидаев Афросиёб фрескасини «бебаҳо» деб атади. Унинг сўзларига кўра, экспонат йўл қурилиши вақтида топилган.

«Фреска олти йил давомида қазиб чиқарилган, чунки у дарҳол қазиладиган бўлса, кислород билан ўзаро таъсир туфайли ранглар йўқолиши мумкин эди. Шунинг учун археологлар оз-оздан қазиб олишди ва дарҳол махсус кимёвий моддаларни қўллашди. Бундан ташқари, 11 метрлик фрескани дарҳол тортиб олишнинг иложи бўлмайди, шунинг учун биз уни бўлишга мажбур бўлдик», — деди у.

Шокиржон Пидаевнинг айтишича, кўргазма тарихий аҳамиятга эга, чунки экспонатлар Европада илк бор намойиш этилмоқда. «Луврга дунёнинг турли бурчакларидан ташриф буюришади. Сайёҳлар фрескани кўргандан сўнг, улартопилган жойни ҳам кўриш истаги пайдо бўлади. Бу, албатта, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилади. Буларнинг барчаси бир-бирига боғланган. Мисол учун, 2018 йилда Жанубий Кореяда бир йил давомида кўргазма ўтказдик, кўргазмадан уч ой ўтгач, ушбу мамлакатдан туристлар гуруҳи Ўзбекистонга кела бошлади», — деди у.

Кўргазманинг илмий куратори Рокко Ранте Ўзбекистон кўргазмаси Луврда Марказий Осиё тарихига оид илк кўргазма эканлигини таъкидлади. «Араб дунёси институтида жуда кичик кўргазма бўлиб ўтганди… Илмий кураторлар фақат Самарқанд ҳақида кичик каталог чиқаришганди, ҳозир эса бутун Ўзбекистон намойиш этилмоқда», — деди у.