Ангрен шаҳри ҳокими Алишер Раимов ҳудудда қурилаётган президент мактаби таъминотчилари билан мулоқот чоғида ҳақоратли сўзлар ишлатиб, тадбиркорга сўкинганди. Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати ҳокимга «ҳайфсан» интизомий жазоси берилганини маълум қилди.

Шаҳарда қурилаётган президент мактабига қурилиш материаллари етказиб берилиши масаласи юзасидан мулоқот давомида ҳокиминики дейилган овоз эгаси Латиф исмли шахсни «қаматтириб қўйгани»ни, таъминотчи корхона қурилиш материалларини етказиб бермаса, 1 млрд сўмга «ухлаши»ни айтган, шунингдек, суҳбатдошларидан бирини қўпол равишда сўкиб, ҳақорат қилган.

Ҳолат юзасидан 19 ноябрь куни вилоят ҳокимлиги Одоб-ахлоқ комиссиясининг йиғилишида ана шу масала кўриб чиқилиб, тегишли чора кўриш учун вилоят ҳокими Зойир Мирзаевга тақдимнома киритилган эди.

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг фармойишига биноан Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори талабларига риоя қилмагани, давлат хизматчисининг касб этикасини бузгани, мансаб ваколатларини суистеъмол қилиб, ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этганлиги учун Ангрен шаҳар ҳокими Алишер Раимовга нисбатан «ҳайфсан» интизомий жазо чораси қўлланилди.