23 ноябрь куни Янгиҳаёт туманидаги заводлардан бирида божхона бошқармалари томонидан аниқланган, ноқонуний муомаладан олиб қўйилган ва суд ҳукмига кўра йўқ қилиши белгиланган 34,2 минг қути тамаки маҳсулотлари жамоатчилик гувоҳлигида ёқиб юборилди. Бу ҳақда унда қатнашган «Газета.uz» мухбири хабар берди.

Божхона текширувидан ўтгани тўғрисида ҳужжатга эга бўлмаган, аксиз ва рақамли код билан маркировланмаган 297,4 млн сўмлик тамаки маҳсулотлари Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти божхона бошқармаларининг томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда аниқланган. Улар қонунбузилиши ҳолатларида ноқонуний муомаладан олиб қўйилиб, суд ҳукмига қадар вақтинча сақловга олинган.

Хусусан, 30 март куни олдиндан кузатувга олинган шахс бошқарувидаги юк автотранспорт воситаси Зангиота тумани ҳудудида тўхтатилиб кўздан кечирилганида, юкхонада хорижда ишлаб чиқарилган ва рақамли маркировка кодларига эга бўлмаган, қиймати 63 млн сўмлик 7 минг қути тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланди.

20- ва 27-апрель кунлари пойтахтнинг Чилонзор туманида ўтказилган тезкор тадбирларда аввалдан кузатувга олинган шахслардан бири муқаддам ноқонуний йўллар билан олиб кирилган ва сифати кафолатланмаган қиймати 82,1 млн сўмлик 8600 қути, яна бир шахс эса 61,3 млн сўмлик 5600 қути тамаки маҳсулотларини юк машиналарига ортаётган вақтида тўхтатиб қолинди.


21 июль куни Тошкент вилояти божхоначилари томонидан аниқланган навбатдаги ҳолатда эса божхона ходимларини чалғитиш мақсадида қиймати 91 млн сўмлик 4 турдаги 13 минг қути тамаки маҳсулотлари юк машинасидаги ёғоч эшик ромлари орасига яширилгани фош қилинди.

Ёқиб юбориш жараёнидан сўнг ташкил этилган брифингда Давлат божхона қўмитасининг Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси бошлиғи Акрамжон Ахлимирзаев 22 ноябрь ҳолатига кўра аниқланган 314 та ҳуқуқбузарлик ҳолатларида қиймати салкам 19,2 млрд сўмлик 1 578 346 қути тамаки маҳсулотлари ушлаб қолинганини маълум қилди.


«Тамаки маҳсулотларининг ноқонуний кириб келиш ҳолатлари водий вилоятларида энг кўп учрайди. У ерда чегарани назорат қилиш заиф, мураккаб бўлган ҳудудларимиз кўп. Кўп ҳолларда анклав, тоғли ёки сувли йўллар орқали ноқонуний ўтказишга бўлган уринишлар учрайди», — деди қўмита ходими «Газета.uz» мухбирига.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бош инспектори Отабек Одиловнинг сайт мухбирига маълум қилишича, контрабанда йўли билан электрон сигаретлар эмас, балик одатдаги турдаги сигарет маҳсулотларини олиб кириш кўп учрайди.