23 ноябрь, чоршанба куни Европарламент кўпчилик овоз билан Россияни терроризмга ҳомийлик қилувчи давлат сифатида тан олиш тўғрисидаги резолюцияни маъқуллади, деб хабар берди ЕП матбуот хизмати.

Европарламент депутатлари Россия кучларининг Украинада тинч аҳолига қарши қасддан уюштирган ҳужумлари ва ваҳшийликлари, фуқаролик инфратузилмасини вайрон қилиш ҳамда халқаро ва гуманитар ҳуқуқнинг бошқа жиддий бузилишларини террорчилик ҳаракатларига тенглаштириб, улар уруш жиноятларини ташкил этишини айтди.

Якунда Европарламент аъзолари Россияни терроризм ҳомийси ва террорчилик воситаларидан фойдаланадиган давлат сифатида тан олди.

Қарорни 494 депутат қўллаб-қувватлади, 58 депутат қарши чиқди, 44 депутат бетараф қолди.

Европарламент йиғилиши кун тартибида қайд этилганидек, РФнинг терроризм ҳомийси сифатида тан олиниши «президент Путин ва унинг ҳукуматини уруш жиноятлари учун халқаро трибунал олдида жавоб беришга» йўл очади.

«Европа Иттифоқи ҳозирда давлатларни терроризм ҳомийлари сифатида расман белгилашга қодир эмаслиги сабабли, парламент Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатларни тегишли ҳуқуқий базани яратишга чақиради», — дейилади баёнотда.

Бу Москвага нисбатан бир қатор чекловчи чораларни кўриши ва ЕИнинг Россия билан муносабатлари учун жиддий чекловчи оқибатларга олиб келиши кутилмоқда.

Депутатлар, шунингдек, Европа кенгашини «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси, «қодировчилар» деб аталадиган 141-махсус моторлаштирилган полк ҳамда «Россия томонидан қўллаб-қувватланадиган бошқа қуролли гуруҳлар»ни террорчи ташкилотлар рўйхатига киритишга чақиришди.

Европарламент, шунингдек, Россияга қарши санкцияларнинг тўққизинчи пакети устида ишламоқда.