Ўзбекистонда экологик вазият ва бажарилган ишлар таҳлили «Яшил макон» ҳаракатини янада кенгайтириш зарурлигини кўрсатмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида лойиҳа ижросини самарали ташкил этиш, ўрмон хўжалигида бошқарувни мақбуллаштиришга оид таклифлар тақдимотида бу ҳақда сўз борди.

Тақдимотда Ўзбекистондаги экологик вазият ва бажарилган ишлар таҳлили бу ҳаракатни янада кенгайтириш зарурлигини кўрсатаётгани қайд этилди. Хусусан, aтмосфера ҳавоси турли кимёвий моддалар ва оғир металлар билан ифлослангани, кўчатлар экиш ва парваришлаш жараёнларида ҳокимликлар билан Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг вазифалари аниқ тақсимланмагани қайд этилди.

Шу боис ушбу тадбирларга Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасини ягона масъул ташкилот этиб белгилаш таклиф этилмоқда. «Яшил боғлар» ва «яшил жамоат парклари»ни барпо этиш, дарахтларни парваришлаш ва уларни 3 йил давомида сақлаш «Яшил ҳудуд» корхонаси томонидан амалга оширилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, дарахтлар экиладиган ер майдонларини аниқлаш ва лойиҳалаштириш, кўчатхоналарни кўпайтириш, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, ўрмон хўжаликлари учун махсус техникалар сотиб олиш чоралари назарда тутилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев бу ишларнинг мамлакат экологияси ва халқ саломатлигидаги аҳамиятини таъкидлаб, чора-тадбирларни янада такомиллаштириш вазифасини қўйди.

«Яшил Макон» лойиҳаси бир йил аввал президент ташаббуси билан бошланган эди. Ҳар йили 200 млн дарахт ва бута экиш ва шаҳарлардаги яшил майдонларни ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш мақсади қўйилган.

Бироқ дарахт экишда бир неча марта қўшиб ёзишлар ва фирибгарликлар қайд этилган. Бу ҳақда президентнинг ўзи ҳам гапирди.

Ҳисоб палатасининг ёзда маълум қилишича, жорий йилнинг февраль ойидан май ойига қадар «Яшил Макон» лойиҳаси доирасида кўчат экиш бўйича ҳисоботларда 6,2 млн дона кўчат қўшиб ёзилгани қайд этилган.