Мўйноқдаги XII-XIV асрларга тегишли маданий мерос объекти аниқланди, дея хабар қилди Бош прокуратура матбуот хизмати.

Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани «Дўстлик» овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган Ҳоким ота Сулаймон Боқирғоний зиёратгоҳи ҳудудида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети «Археология» кафедрасининг олимлари ва талабалари томонидан ўтказилган археологик экспедиция давомида XII-XIV асрларга тегишли маданий мерос объекти аниқланди.


Экспедиция давомида топилган девор ғиштлари ва металл буюмлар, олимлар томонидан Хоразмшоҳлар ва Олтин Ўрда даврига хослиги, яъни Сулаймон Боқирғоний яшаган давр ва ундан кейинги даврларга тўғри келиши тахмин қилинмоқда.


«Мақбарада олиб борилган археологик қазиш ишлари натижасида очилган объектнинг ҳозирги ҳолатини консервасия қилмасдан табиий ва жисмоний таъсирлардан муҳофаза қилиш, зиёратчилар ва туристларга қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, келажак авлодга ёдгорликни бутун ҳолида етказиш мақсадида Бош прокуратура ташаббуси ва маблағи ҳисобидан объектда енгил конструкцияли металл қоплама бостирма қуриш ишлари бошлаб юборилди», — дейилади хабарда.

Қурилиш ишлари жорий йилнинг декабрь ойида якунланиши режалаштирилган.

Сентябрь ойида Мўйноқ туманида Ҳоким ота Сулаймон Боқирғоний таваллудининг 900 йиллиги кенг нишонланган эди.