29−30 сентябрь кунлари Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ тумани ва Нукус шаҳрида Ҳаким ота — Сулаймон Боқийғоний таваллудининг 900 йиллигига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Унда Австралия, Афғонистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Ўзбекистондаги илмий-тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари тарихчи, археолог ва адабиётчи олимлари, мустақил тадқиқотчилар ва бошқалар иштирок этди.

Дастлаб анжуман қатнашчилари Мўйноқ туманига ташриф буюриб, «Орол ва Мўйноқнинг қайта тикланиши» экофестивали ҳамда «Орол балиқларидан 99 хил таом» гастрономик фестивалида иштирок этишди, шунингдек, Мўйноқ экология музейида бўлишди.

Бундан ташқари, фестивал доирасида Мўйноқ туманида жойлашган Сулаймон Боқирғоний мажмуасига ташриф буюриб, улуғ шайх ва мутасаввиф шоир руҳига бағишлаб Қуръон ўқилди.

Қайд этиш жоизки, Ҳожа Аҳмад Яссаавийнинг шогирди, Занги отанинг устози Сулаймон Боқирғонийнинг қабри узра XII, XIV, XVI асрларда, сўнггиси Хива хони Оллоқулихон томонидан XIX асрда мақбара тикланган. Бугунги кунда эса Мўйноқ туманининг жанубий томонида жойлашган ушбу зиёрат мажмуасига Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 январдаги «Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 37-сонли қарорига асосан 11 млрд сўмдан зиёд маблағ ажратилиб, 2019−2021-йилларда таъмирлаш, тиклаш, зиёрат мажмуага айлантириш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди.


Халқаро конференциянинг иккинчи куни Нукус шаҳридаги Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театрида пленар мажлис бўлиб ўтди. Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов кириш сўзида Ҳаким ота — Сулаймон Боқирғонийнинг туркий шеърият ривожига қўшган ҳиссасига алоҳида тўхталиб ўтди.

«Унинг асарлари „Биби Марям Китоби“, „Киссаи Иброҳим Халил“ ва бошқа номлар билан машҳур бўлиб, улар туркий халқлар орасида айниқса машҳур бўлиб, туркий шеърият ривожига улкан ҳисса қўшган, — деди ўз сўзида Азиз Абдуҳакимов. — Олимларнинг фикрича, буюк туркман шоири Мақтимқули Қўнғиротга бир неча бор келган, Ҳаким ота қабрини зиёрат қилган. Унинг шеърий мероси туркман шоирининг поэтик табиатида чуқур из қолдирди. Улуғ қорақалпоқ шоири Ажиниёз шеърияти Сулаймон Боқирғоний шеърларига тўйинган».


Пленар мажлисда Сидней университети (Австралия) профессори Алисон Беттс, Ўзбекистон Фанлар Академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти катта илмий ходими Сайфиддин Рафиддинов (Сайфиддин Сайфуллоҳ), Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Инамов, Россия Фанлар Академияси Шарқшунослик институти Ислом қўлёзмалари маркази илмий ходими Татьяна Аникеева ва бошқалар ҳам сўзга чиқди. Шундан сўнг анжуман секцияларда давом этди.

Тадбир Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Фанлар Академияси, Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот маркази ва Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ҳамкорлигида ташкил этилди.