2 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг расмий сайти хакерлар ҳужумига учраган эди. Тергов департаментининг хабар беришича гумондорларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Ушбу ҳолат юзасидан олиб борилган терговга қадар текширув вақтида аниқланишича, 2022 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб Норин тумани Улуғбек кўчасида яшовчи вояга етмаган 16 ёшли М.Б. бошқалар билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, интернет орқали киберҳужум уюштиришга оид материалларни кўриш орқали, ушбу йўналишда ноқонуний ҳатти-ҳаракатларни ўзлаштириб олган.

Улар 2 ноябрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатига тегишли бўлган «www.senat.uz» веб сайтига ҳамда бошқа-бошқа сайтларга ноқонуний киберҳужумлар амалга оширгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан Норин тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 278−2-моддаси 2-қисми «а» банди (компьютер ахборотидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Ҳозирда жиноят иши бўйича келгуси тергов ҳаракатларни амалга ошириш мақсадида ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти иш юритувига қабул қилинди. Тергов якунига кўра барча айбдорларга қонуний чора кўрилиши таъминланиши қайд этилди.