Тошкент давлат юридик университети ректори лавозимида ишлаб келаётган Акбар Тошқулов адлия вазири этиб тайинланди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Вазирлар Маҳкамаси маълум қилди.

Акбар Тошқулов 1971 йилда Жиззах вилоятида туғилган. Маълумоти олий, 1994 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган, ҳуқуқшунос, 1-даражали адлия маслаҳатчиси. «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист» унвони билан тақдирланган.

У ўз меҳнат фаолиятини 1994−1995 йилларда Адлия вазирлиги Халқаро-ҳуқуқий бошқармасининг катта маслаҳатчиси лавозимидан бошлаган.

Акбар Тошқулов адлия органлари тизимида турли масъул лавозимларда фаолият юритган бўлиб, 2017 йил апрель ойидан бошлаб адлия вазири ўринбосари сифатида ишлаган. 2021 йил 10 декабрь куни Тошкент давлат юридик университети ректори этиб тайинланганди.

Бундан аввал, собиқ адлия вазири Русланбек Далетов президентнинг ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланганди.