Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 14 августдаги фармони билан январдан буён фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича Президент давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Русланбек Давлетовни адлия вазири лавозимига тайинлади.

Русланбек Давлетов адлия вазири лавозимига давлат раҳбарининг бошқа фармони билан Ҳисоб палатасига раис этиб тайинланган Музраф Икромовнинг ўрнига тайинланди. У Адлия вазирлиги раҳбариятини 2015 йил февралидан буён бошқариб келаётган эди.

Эслатиб ўтамиз, Русланбек Давлетов аввал адлия вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатган. Тўртта олий таълим муассасаси, жумладан Буюк Британиядаги Варвик университети битирувчиси ҳисобланади.

Меҳнат фаолиятини 2001 йилда Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси етакчи мутахассиси лавозимида бошлаган. Кейинроқ мазкур қўмитанинг бош мутахассис, бўлим бошлиғи вазифасини бажарувчи лавозимларида ишлаган.

2004—2012 йилларда Вазирлар Маҳкамасининг ҳуқуқий экспертиза ва халқаро шартномалар бошқармаси етакчи мутахассиси, бош мутахассиси, 2012—2014 йилларда — Олий суд қошидаги суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш, суд тизими мустақиллигини таъминлаш тадқиқот маркази директори ўринбосари, директор в. б. лавозимларида фаолият олиб борган.

2014—2016 йилларда Президент девонининг Олий Мажлис, сиёсий ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик хизматининг Сенат ва Қонунчилик палатаси тузилмалари фаолиятини мувофиқлаштириш сектори мудири бўлган.