Тошкент ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Нодира Умарова инста-блогер Севинч Саъдуллаева устидан ҳуқуқ-тартибот органларига ариза киритди. Бу ҳақда «Газета.uz» Олий суд сайтидаги очиқ маълумотларга асосланиб хабар берди.

Жумладан, Олий суд порталида Нодира Нигматуллаевна Умарова маъмурий иш бўйича ариза берувчи (жабрланувчи) сифатида кўрсатилган — унинг фамилияси, исми ва отасининг исми ҳоким ўринбосарининг фамилиясига тўлиқ мос келади. Гап ҳақиқатан ҳам ҳоким ўринбосари ҳақида кетаётганини суддаги манба «Газета.uz»га тасдиқлади.

Суд қарорига кўра («Газета.uz»да нусхаси мавжуд) маъмурий иш судья Сурайёхон Хўжамқулова томонидан кўриб чиқилди. Йиғилишда Миробод тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари Ш. Мирзаев, Миробод тумани 4-сонли ИИБ хотин-қизлар билан ишлаш катта инспектори С.Бахметова, профилактика инспектори Ш. Бобожонов ҳам иштирок этган.

11 ноябрь куни бўлиб ўтган суд мажлисида Севинч Саъдуллаева «ўз иштирокидаги видео ва фотосуратларни ижтимоий тармоқларда одоб-ахлоқ қоидаларига зид равишда, жамиятдаги хулқ-атвор қоидаларига қасддан эътибор бермай, жамоат тартибини бузган ҳолда жойлаштиргани, бу эса фуқароларнинг асосли даъволарига сабаб бўлгани» қайд этилди.

20 ёшли Севинч Саъдуллаева қилмишидан афсусда эканини айтиб, Туркияда яшовчи онасининг қарамоғида бўлган бир нафар вояга етмаган фарзанди борлигини айтган. Унинг сўзларига кўра, ижтимоий тармоқда тарқалаётган видео ва фотосуратлар бир неча ой олдин «Инстаграм»га жойлаштирилган. У ўз қилмишларини бошқа такрорламаслик ҳамда ижтимоий тармоқдаги барча видео ва суратларни олиб ташлашга ваъда бериб, енгилроқ жазо қўлланишини сўраган.

Судья ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган томонидан содир этилган воқеа Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси (майда безорилик) билан тўғри квалификация қилинган деб ҳисоблади ва беш суткалик қамоққа олиш тайинлади. Ушбу модда санкциясида БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваргача жарима (900 минг сўмдан 1,5 млн сўмгача) ҳам ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олиш ҳам назарда тутилган.

Иш материалларига ашёвий далил сифатида 1 дона CD-диск илова қилинган.

Шунингдек, қиздан маъмурий қамоқхона фойдасига 225 минг сўм (ҳар бир ҳибсга олинган кун учун БҲМнинг 15 фоизи) ундирилади.

Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бош бошқармаси бошлиғи Нодира Умарова аввалроқ блогер Севинч Саъдуллаева 5 суткалик ҳибсда бўлганидан сўнг тўлиқ назоратга олиниб, касб-ҳунарга ўқитилиши ва доимий ишга жойлаштириши белгиланганини маълум қилганди. Шунингдек, Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан у билан доимий иш олиб борилиб, психологлар ёрдамида коррекцион ишлар ўтказилиши белгиланган.

Биз Нодира Умарова ва Сурайёхон Хўжамқулова билан боғлана олмадик.

Ҳуқуқ-тартибот идораларининг «Газета.uz»га маълум қилишича, тармоқда унинг иштирокидаги эротик видеолар тарқалгани маъмурий иш қўзғатилишига сабаб бўлган. Хусусан, унинг номидан турли Телеграм каналларида эротик контент жойлаштирилган ёпиқ гуруҳларга олиб борадиган фотосурат ва видеолар эълон қилинган.