Сурхондарёнинг олис ҳудудларидаги мактаб филиалларида таълим олаётган ўқувчиларнинг асосий мактабларга қатнашлари учун автотранспорт ажратилди, дея хабар бермоқда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати.

Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгаши вилоят бюджетининг 2022 йил I чорак якунига кўра даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан ХТБ тасарруфидаги 26 та умумтаълим мактабига 26 дона Damas автомашинаси берилиши борасида қарор чиқарди.

Ушбу автотранспорт воситалари вилоятдаги шароитлари мавжуд бўлмаган мактаб филиаларида таълим олаётган ўқувчиларни асосий мактабларга ташиш учун хизмат қилади.

«Куннинг жазирамаси, қишнинг қаҳратонида олис мактабларга қатнайдиган 789 нафар ўғил-қизнинг қувончи чексиз. Улар барча шароитлари мавжуд мактабларга транспорт воситасида қатнашади. Вилоятдаги 26 та таъмирталаб мактаб филиалларининг фаолияти тугатилди», — дейилади хабарда.